Кексалар, фахрийлар доимо эътиборда
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳафта давомида 8 та давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди. Кексаларимиз иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ҳужжатини шакллантириш каби давлат хизматларидан сайёр тарзда фойдаланди.
– 84 ёшдаман, кўп йиллар Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишладим, – дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Тамара Протсик. – Авваллари давлат идораларига иш билан бориб, муаммоларни ҳал этишда ҳужжатларни қўлтиқлаб, анча-мунча идора эшикларни очиб ёпишимизга тўғри келарди. Қаердадир ишимиз осон битса, яна қаердадир эрта кел, индин кел билан вақтимиз ўтарди. Сўраладиган ҳужжатларнинг кўплигидан югур-югурлар силламизни қуритарди. Бугун эса буларнинг акси.

Жойларда Давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши барча муаммоларимизни осон ва тез бартараф этишга ёрдам бермоқда. Илгари ҳеч ҳам бундай бўлмаган. Буларнинг бари фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Биз каби кексалар доимо эътиборда эканлигимиздан мамнунман.

Маълумот ўрнида, Тошкент вилоятидаги Давлат хизматлари марказлари томонидан ўтган ҳафта давомида 50 дан ортиқ кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга сайёр тартибда давлат хизмати кўрсатилган.
Эркин Дорипов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати раҳбари.