ЎзЛиДеП Корақалпоғистон Республикаси Кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан муҳтарам отахон ва онахонларимиз, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, соғлигини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор савобли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, кекса ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида партия фаоллари томонидан кекса авлод вакилларининг юртимиздаги тарихий масканлар ва қўшни республикаларга бепул саёҳатлари босқичма-босқич ташкил этилмоқда.

– Қария отахон ва мўътабар онахонларимизни ҳозирги давр ёшларига гўёки бир тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз ҳамда бизнинг буюк келажагимизга бефарқ эмас, балки ҳамдард деб билишимиз лозим. Бу тушунчани эса жамиятга татбиқ этилишини, авваламбор, муқаддас динимиз, қолаверса, давримизнинг талаби ва таклифи, деб билмоғимиз даркор, – дея таъкидлайди Жўқорғи Кенгес депутати Баҳодиржон Сиддиқов.

Хайрли ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги “Қоратол», “Қумбиз”, Бердақ, “Моншақли”, “Қаши”, “Олтинкўл” овул фуқаролар йиғинлари, шунингдек “Қангли”, Ажиниёз ва “Қипшақ” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи фахрийлар учун жорий йилнинг 27-31 май кунлари Бухоро, Самарқанд ва Қозоғистон Республикаси Туркистон шаҳарларига саёҳат уюштирилди. Саёҳат давомида ўз меҳнатлари билан кўпчиликка ибрат бўлган, бугун кексалик гаштини сураётган фахрийлар нафақат юртимиздаги, балки қўшни мамлакатдаги, хусусан, қадимий шаҳарлардаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишишди, тарихий ёдгорликларини зиёрат қилишди.

– Ҳар йили 50 нафар отахон ва онахон янги сайёҳлик маркази ва шаҳардаги бошқа муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб келяпти. Гап фақат саёҳатда эмас, аввало, нуронийларимизнинг вақтини мазмунли ўтказиш, қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан уларни яқиндан таништиришда, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари Адип Айбергенов.
Нуронийлар саёҳат мобайнида катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдилар. Кексаларнинг саёҳатлари учун замонавий ва қулай автобуслар бириктирилди.
–Аввал биз ҳам қачон саёҳатларга борамиз, ватанимизнинг таниқли жойларини кўрамиз деб орзу қилиб яшар эдик. Мусулмончилик-да, бола-чақа деймиз. Тўй-маъракамиз кўп. Барака топсин депутатимиз Баҳодиржон Сиддиқов. Унинг ташаббуси билан туманимизда ҳар йили саёҳат қиладиганлар бор. Биз ҳам шу саёҳатда бўлиб, Самарқанд, Бухоро, Туркистонни кўриб келдик. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал деб бежиз айтилмаганига гувоҳ бўлдик, – дейди Қўнғирот тумани Қумбиз маҳалласида истиқомат қилувчи Лола ая Бозгланова.

Нуроний ота-онахонларимиз, боболаримиз бизнинг борлигимиз, бойлигимиз. Улар қадр топган хонадон ва мустақил диёрда ҳамиша меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик бўлади. Партиянинг нуронийларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга ошираётган ишлари ҳам ана шу эзгу мақсадни кўзлайди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири