Кексалар – билим ва тажриба манбаи
2030 йилга келиб ер юзида ёши 60 дан ошган кексалар сони 1,4 миллиарддан ошади. Кекса ёшдаги одамлар ҳар доим ёрдам ва ҳимояга муҳтож, айнан улар ҳаммадан кўп турли ижтимоий силкинишлар ва инқирозлар қурбонига айланади, дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Халқаро кексалар кунига бағишлаб эълон қилган маърузасида.
Охирги йиллар фожиали зарбалар ва инқирозлар даври бўлди. Кексалар аксарият ҳолларда инқирозлар марказида қолди. 60 ёшдан ўтган кексалар COVID-19 пандемияси қаршисида ҳам бошқаларга нисбатан энг иложсиз қолган ижтимоий қатлам бўлди. Ўз уйини тарк этиш имконияти бўлмагандан кейин қуролли можаролар ёки иқлим ўзгариши келтириб чиқараётган табиий ҳалокатлардан учоғини тарк этолмай хавф билан юзма-юз қолмоқда. Қашшоқлик, ижтимоий ҳимояланмаганлик ва зарур тиббий хизматнинг бўлмаслиги ҳам кексаларнинг замонавий дунёда дуч келаётган муааммолари ҳисобланади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, «ҳам алоҳида мамлакат, ҳам бутун дунё жамоатчилигининг вазифаси кексалар муаммосини ҳал қилиш ва уларнинг салоҳиятини очишдан иборат».
БМТ Бош котибининг фикрича, бунинг учун барча ёшдаги одамларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий интеграциялашувига имконият яратиш, ёрдам бериш зарур. Кекса ёшдагилар учун ўқиш ва ўз малакаларини оширишини, ишончли ижтимоий ҳимояланишини таъминлаш, арзон ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиб бериш жуда муҳим.

«Кексаларимиз – бу билим ва тажрибанинг улкан манбаи ҳисобланади. Биз уларнинг салоҳиётини ишга солишига фаол ёрдам беришимиз керак, уларни жамият ҳаётида тўлиқ ва аҳамиятли иштирокини таъминлашимиз зарур», – дейди у.
БМТнинг кексалар ҳуқуқлари бўйича мустақил эксперти Клаудиа Малернинг таъкидлашича, ҳозирда кекса ёшдаги аёллар ҳуқуқларини таъминлашга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Тўғри, кексаларнинг ҳаммаси ҳам турли қийинчиликлар билан юзлашиши мумкин, муаммоларни кўп ҳолларда ўзлари ҳал қилишга тўғри келади ёки қийинчиликларни шунчаки бошидан ўтказишга мажбур бўлади. Лекин, бундай муракаб пайтларда кўпинча, аёлларга қўшимча масъулият юкланади. Буви, уйда кекса бека, оиланинг тажриба ва анъаналарини қўриқловчиси бўлиш вазифалари шулар жумласидандир. Бироқ маданиятининг ўзига хослиги ва гендер қарашлари (стереотип) сақланиб қолгани боис аёллар пул маблағларини тўплаш, ҳаёти давомида мулк орттириш имкониятидан маҳрум. Шу сабабли аксарият ҳолларда аёллар қариган чоғида қашшоқ, ёки қариндошларига қарам бўлиб қолади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, аёллар кексайганда қандай ҳаёт кечиришини, ўзларининг фаровонлигини таъминлашни мустақил равишда белгилай олади, бироқ бунинг учун улар гендер стереотипларидан воз кечиши керак. Чунки кўпгина мамлакатларда ушбу чекловлар ва маданият сақланиб қолмоқда.
Яқинда Американинг “CeoWorld” журнали кексалар учун дунёнинг энг яхши ва энг ёмон мамлакатлари рейтингини эълон қилди.
Унга кўра, Финляндия кексалар яшайдиган дунёнинг энг яхши мамлакати, Дания ва Голландия эса мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни банд этган. Умуман олганда, кекса одамлар яшашлари учун дунёдаги энг яхши 10 та давлат қаторидан Норвегия, Янги Зеландия ва Испания ҳам жой олди.

Қариялар учун энг ёмон 10 мамлакатлар қаторига эса қуйидаги давлатлар киритилди: Ироқ, Кения, Украина, Венесуэла, Камбожа, Нигерия, Эрон, Миср, Намибия, Доминикан Республикаси.
Халқимиз “қариси бор уйнинг париси бор” деб бежиз айтмайди. Кексалари бор хонадонларимиз файзли, бундай уйларда тинчлик, хотиржамлик, осойишталик кезади, чеҳраларда, кўзларда самимият балқийди. Зеро, бобо бувиларимизнинг пурҳикмат угит-насиҳатлари каттадан кичиккача, барчамиз учун йўл чироғидир, десак асло муболаға бўлмайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз ҳар доим қайғуриб келади. Президентимиз томонидан имзоланган «Кексалар ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, “Саховат” ва “Мурувват” мактаб-интернатларини янада ривожлантириш тўғрисида»ги фармонлари ушбу фикримизга далилдир.
Хусусан, сўнгги тўрт йил ичида 27 та тиббий-ижтимоий муассасада 267,2 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди ва замонавий талабларга жавоб берадиган 1327 ётоқ жой яратилди.
Санаторийларда реабилитация қилинган кексалар ва ногиронлар сони қарийб 20 фоиздан ошади, ёлғиз, ёрдамга муҳтож кексалар ва ногирон кишиларга бепул тарқатиладиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари рўйхати 19 тагача кенгайтирилди, ногиронларга бепул бериладиган протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситаларининг турлари кўпайтирилди. Давлатимиз томонидан кексаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар келгусида ҳам давом этади, зеро аҳолининг фаровонлигини ошириш давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлиб келмоқда.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА шарҳловчиси