Каттақўрғонда “Ингичка бойитиш фабрикаси” очилди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш учун Олмалиқ кон металлургия комбинатига ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган эди.

Ушбу қарор ижросига кўра, Каттақўрғонда “Ингичка бойитиш фабрикаси” ишга туширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, “Олмалиқ кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдулла Хурсандов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирда таъкидланишича, мазкур объектда республикада илк маротаба вольфрам таркибли техноген чиқиндиларни қайта ишлаш технологияси саноат миқёсида йўлга қўйилди. Мазкур технологиянинг саноатга татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг август ойида ушбу конда илк маҳсулот олинди ҳамда бу маҳсулотга халқаро сертификат берилди.

Ингичка конининг қолдиқларидан йилига 150 тонна вольфрам концентратини 35 фоиз WО3 билан бойитиш режалаштирилган. Кейинчалик Ингичка конининг қолдиқлари ишлаб чиқаришга тўлиқ жалб қилинганда йилига 100 тонна вольфрам металли олинади.

Технология жорий этиш натижасида 2023 йилда биринчи босқичда 5,7 миллиард сўмлик 100 тонна ва 2024 йилда 13,7 миллиард сўмлик 285 тонна (ўртача 28 фоизлик WO3) вольфрам концентрати олинади.

Шу билан бирга, 2023 йилда умумий қиймати 1,8 миллион долларлик 27 тонна вольфрам штабиклари ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида вольфрам таркибли 27,9 миллиард сўмлик 36 тонна қаттиқ қотишмалар, асбоблар (кескич, парма) ишлаб чиқарилади.

Ушбу объектнинг ишга туширилиши натижасида биринчи босқичда 82 та янги иш ўрни яратилди. Иккинчи босқичда яна 200 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА