Янги йил шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Миллий гвардия Болалар психологияси маркази томонидан 22- ва 30-сонли “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун “Келажакка саёҳат: касб-ҳунарлар ярмаркаси” номли тадбир ташкил этилди.
Бу сафар ўғил-қизлар учун қизиқарли касблар оламига саёҳат уюштирилди.
Миллий гвардия Болалар психологияси маркази мутахассислари ва Москва давлат университетининг Тошкент филиали талабалари тадбирни нафақат қизиқарли, балки болалар учун фойдали ўтказишга ҳаракат қилди.
Тадбир қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари билан очилди. Шундан сўнг, тарбияланувчиларни турли касблар билан таништириш мақсадида келажакка саёҳат лойиҳасига старт берилди.
Болалар Миллий гвардия ходими, ошпаз, шифокор, қўғирчоқбоз, рассом-дизайнер, архитектор, флорист, визажист, стилист, шунингдек, актёрлик асосларини ўрганиб, робототехника соҳасида ўз имкониятларини синаб кўрди. Ўғил-қизлар ўз касбининг чинакам усталаридан маҳорат дарсларини олди.
Миллий гвардия ходимлари болаларга ўзини-ўзи ҳимоя қилиш усулларини ўргатди. Тажрибали ошпаз раҳбарлигида болалар байрам дастурхонини чиройли безашни ўрганди.
Шу билан бирга, болаларга гулдаста ясаш қоидалари, ёрқин имиж яратиш санъати ҳамда ноодатий ўйинчоқлар кўринишида мустақил равишда сувенирлар ясаш ўргатилди.
— Айниқса, меъморлик касби ҳақидаги маъруза ҳамда болалар иштирокида ҳар хил бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш ёшларда катта таассурот қолдирди,—дейди Болалар психологияси маркази раҳбари Камола Акбарова. — Тадбир давомида мутахассислар тарбияланувчилар билан актёрлик санъати сирлари билан ҳам ўртоқлашди. Қўғирчоқ театри актрисаси қўғирчоқларни бошқариш бўйича маҳоратини намойиш этиб, қўғирчоқбозлик тарихи, қўғирчоқларни яратиш жараёнлари, актёрлар учун ниқоблар яратиш ҳақида суҳбатлашди.
Қизиқарли тадбирлардан сўнг, болалар учун "Сеҳргар билан учрашув", Қорбобо ва Қорқизнинг байрам дастури, шунингдек, рақс кечаси ташкил этилиб, узоқ кутилган совғалар топширилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/EkotEsZchn8?si=FThuvBohh3TEnTak" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
ЎзА