Коррупция-тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят.
Шу боис ҳам мамлакатимизда унга қарши кескин курашилмоқда, олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Адолат қўрғони бўлган суд тизимида коррупцияга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Фарғона вилоят судида бўлиб ўтган семинар судья ва суд ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш масалаларига бағишланди.
Давлат ва жамият тараққиётига раҳна соладиган жиноятчиликка қарши кураш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда барча бирдек масъулдир. Шу боис бу иллатга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
– Жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш доимо долзарб вазифадир, – дейди Фарғона вилоят суди раиси Шуҳратжон Камолов. – Айниқса, судьялар ва тизим ходимлари бунга муросасиз муносабатда бўлиши керак. Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадлардан бири соҳада коррупцияга барҳам бериш тизимини тубдан такомиллаштиришдир. Судьялар мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини ошириш борасидаги ишлар бу иллатга қарши курашишда катта масъулият юклайди. Касбига садоқатли, ватанпарвар бўлган судья ҳеч қачон коррупциядек жирканч ишга қўл урмайди.
Фарғона шаҳар бош имом-хатиби Жўрабек Раҳмонов муқаддас динимизда ҳам коррупция энг ёмон иллатлардан бири сифатида тавсифланиб, бу борада иймонидан нафси устун бўлган кимсаларнинг охир-оқибат ҳалокатга юз тутиши бўйича ҳаётий мисоллар ёрдамида фикр билдирди.
Тадбирда суд соҳасидаги ҳар бир ходим билим, илм, инсоф, иймон-эътиқод, ҳалоллик каби сифатлар орқали “иммунитет”ни шакллантириши, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда шахсий намуна бўлиши лозимлиги таъкидланди.
М.Сулаймонов, ЎзА