Касбидан қадр топган Ҳусан ота (+видео)
ФОТОРЕПОРТАЖ
Инсон умри унинг қанча яшагани билан эмас, аксинча қилган амаллари, хайрли ишлари ила ўлчанади. Халқ орасида, оилада, қолаверса, меҳнат жамоасида ҳурмат, меҳр-эътибор қозониш ҳам ана шундай саъй-ҳаракатларга боғлиқ. Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг самимийлиги, дилгирлиги қалбимизга мудом қувонч бағишлайди, меҳнатсеварлиги, иш тажрибасидан ўрнак олгимиз келади.
“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали қурилиш монтаж бошқармасида автокранчи вазифасида фаолият юритиб келаётган Ҳусан Сапаев ҳам яқинлари ва ҳамкасблари орасида алоҳида ҳурматга эга инсонлардан.
[gallery-14598]
Қаҳрамонимизнинг ота-онаси Хоразм вилоятида таваллуд топган. Ўзи эса Термиз туманида туғилиб, вояга етган. 1987 йил Термиз туманида махсус ўқув курсларида автокранчиликни тамомлаган Ҳусан Сапаев турли ташкилотларда иш фаолиятини олиб борган. 2003 йилдан буён эса газ таъминоти соҳасида садоқат, масъулият билан ишлаб келади. Қарийб 20 йиллик иш тажрибасига эга.
“Етти ўлчаб бир кес” нақлига доим амал қилувчи қаҳрамонимиз ҳар ишда мукаммалликка, масалага жиддий ёндашган ҳолда хато қилмасликга ҳаракат қилади. Бу хислати эса ҳамкасбларининг унга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4tz7JobfWTE" title="Касбидан қадр топган Ҳусан ота" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Мен бир вақтнинг ўзида ҳам газчиман, ҳам автокранчиман, - дейди Ҳусан Сапаев. – Автокранчилик масъулиятли иш. Газ қувурларини кўтариб тушириш жараёнида ҳамкасбларим билан биргаликда ҳаракат қиламан, уларнинг кўрсатмаларига амал қиламан. Сабаби, эҳтиётсизлик ёки салгина нотўғри ҳаракатим билан кимнидир жароҳатлаб қўйишим мумкин. Ҳар бир ишда ютуққа, самарадорликка эришиш учун киши, аввало, ўша йўналиш бўйича пухта билимга, тажрибага эга бўлиши керак. Шу билан бирга, ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик бор жойда иш янада ривож топади, унумли бўлади.
ЎзА фотомухбири Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар