Касбидан эъзоз топган каштадўз
Халқимизнинг азалий қадриятлари, авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган ҳунарлари кўп. Дўппидўзлик ана шундай ҳунарлардан бири.
Навоий вилояти Кармана тумани “Дўрман” маҳалласида яшовчи Дилбар Жалилова ҳам дўппи тикиш сир-асрорларини бувиси Ҳалима аядан ўрганган. 90 ёшни қаршилаган бувижон ҳозир ҳам кашта тикиб, маҳалла аёлларига ўрнак бўлиб келмоқда.
Д.Жалилова 31 йилдан буён 3-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига технология фанидан сабоқ беради. Дарсдан сўнг бўш вақтида дўппи тикади.

– Бувижоним биз набира қизлар, қўшни аёлларга ҳар байрамда турли гуллик дўппилар тикиб берар эди, – дейди Дилбар опа. – Дўпписини олишга келганлар бувижонимдан миннатдор бўлиб, “Қўлингиз дард кўрмасин, жуда чиройли чиқибди, менга ёқди, сизга минг раҳмат”, деб кетишарди. Холаларим, онажоним ҳам чиройли дўппилар тикишади. Улар ҳам бувижонимдан дўппи тикиш сирларини ўрганишган.
Дарс машғулотларидан сўнг Дилбар Жалилова ўқувчиларга технология тўгарагида дўппи тикиш, зираклар, турли рангли қоғозлардан ўйинчоқлар ясаш сирларини ўргатади.

Дилбар Жалилова нафақат ўқитувчилик, балки ҳунари ортидан ҳам обрў-эътибор қозонган. У “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси. Ўзи ва шогирдлари вилоят ва республика миқёсида ўтказиладиган тадбирлар ва кўргазмаларда ўз маҳсулотлари билан иштирок этади.
– 2023 йил 6 май куни Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган III халқаро бахшичилик фестивалида қатнашдим. Юртимизда бўладиган зардўзлик ва заргарлик фестивалларида, Марғилон шаҳрида ўтадиган “Атлас байрами”ида мунтазам иштирок этаман, – дейди Д.Жалилова. – Айниқса, ўтган йили октябрь ойида Марғилон шаҳрида ўтган “Атлас байрами” V халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали менда катта таассурот қолдирди. Унда Туркия, Ҳиндистон, Малайзия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидан моҳир дизайнерлар, ҳунармандлар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар иштирок этганди. Улар ва бошқа вилоятлардан келган иштирокчилар билан суҳбатлашиб, тажрибамни янада бойитдим. Ҳиндистонлик, тожикистонлик ва қорақалпоқлик меҳмонлар тайёрлаган зиракларимдан сотиб олишди.

Бугунги кунда Д.Жалилованинг шогирдлари мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Камалак юлдузлари”, “Ёш ҳаваскорлар” кўрик-танловларида қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда.
– Устозимдан дўппи тикиш, турли зираклар ясаш сирларини ўрганиб келмоқдаман, – дейди “Дўрман” маданият маркази дўппидўзлик тўгараги аъзоси Дилнура Равшанова. – “Ёш ҳаваскорлар” кўрик-танловининг вилоят босқичида 7-13 ёш тоифасида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим. “Камалак юлдузлари – 2022” ижодиёт фестивалининг республика босқичида иштирок этдим. Ҳозир дугоналарим, қўшни қизларга турли зираклар ясаб, дўппилар тикиб бераман. Келгусида ўзим ҳам устознинг йўлидан бориб, ёшларга миллий ҳунармандчилик бўйича устозлик қилишни ният қилганман.

Дилбар опа нафақат ёшларга, балки ўқувчиларининг оналарига ҳам дўппи тикиш сирларини ўргатмоқда. Учинчи қизи Маҳлиё эса она касбини давом эттирмоқда. У Навоий давлат педагогика институтини тамомлаб, 19-умумтаълим мактабида ишлаяпти.
Ҳунар, ҳалол меҳнат кишини элда азиз қилади, дейишади. Бу айни ҳақиқат. Бунга Дилбар Жалилованинг фаолияти яққол мисолдир.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири