Касбида ҳунармандлар фестивали
III зиёрат туризми ярмаркаси ва кулолчилик фестивали ташкил этилиши муносабати билан Қашқадарё вилояти Касби туманида жойлашган “Хазрати Султон Мир Ҳайдар ота” зиёратгоҳида ўнлаб қўли гул ҳунармандлар ва юзлаб зиёратчилар жам бўлишди.
Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган уста кулол ва ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш қилишди.
Улар билан суҳбатлашарканмиз, бугунги кунда юртимизда ҳунармандларга яратиб берилаётган имкониятлардан мамнун эканини таъкидлашади.
[gallery-20065]
– Ушбу фестивалга Самарқанд вилояти Ургут туманидан келдик, – дейди ҳунарманд Нўъмон Авлоқулов. – Ота-боболаримиз кулолчилик билан шуғулланган. Мен 8-авлодман. Ушбу кулолчилик маҳсулотларимизнинг ҳаммаси табиий, ранглари ҳам қадимий услубда тайёрланади. Уларга чизилган нақшларгача қадимий услубда чизилган. Масалан, мана шу ликопчани олсак, унда доира, игри чизиқлар, гумбазлар ва япроқлар тасвирланган. Бунинг маъноси шуки, доира дунёнинг айланалиги, эгри чизиқлар – ҳаётнинг паст-баландликдан иборат эканлиги, гумбазлар – доим юқорига интилиб яшаш, барглар – инсониятнинг табиат билан уйғун яшашини англатади. Бу каби фестиваллар биздек ҳунармандлар учун айни муддао. Боиси, бошқа ҳудудлик кулоллар билан тажриба алмашамиз, сайёҳлар билан олди- сотти қиламиз. Нафақат бу каби фестиваллар, бугунги кунда ҳунармандларга қаратиётган эътибордан жуда мамнунмиз. Кўплаб имтиёз ва қулайликлар яратилгани фаолиятимизни янада ривожлантиришга катта имкониятлар эшигини очмоқда. Масалан, яқинда италиялик ҳамкорларга 45 та қадимий кўза ясаб бердим. Маҳсулотларимизни халқаро фестивалда кўриб, қизиқиб қолган экан.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилган.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ҳамда Касби туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган туризм фестивалида таъкидланганидек, сўнгги йилларда ички ва халқаро туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Болалигимдан каштачилик билан шуғулланиб келаман, – дейди китоблик ҳунарманд Сайёра Турдиқулова. – Ёшим 60 етган бўлса ҳам шу ҳунар билан машғулман. Турли хил ироқи дўппилар, аёллар сумкаси, сўзана, ёстиқ жилд, миллий либослар, тўнлар ва ҳоказо маҳсулотлар тайёрлаймиз. Уларнинг ҳаммаси қўл меҳнати. Шогирдлар билан биргаликда тикамиз. Оддийгина бир дона ироқи дўппини тикиш учун 10 кун вақт кетади. Маҳсулотларимизга қизиқиш баланд. Ҳозирги кунда Саудия Арабистони, Туркия ва яна бошқа кўплаб мамлакатларга экспорт қиляпмиз. Даромад яхши. Кейинги йилларда туризм соҳасига қаратилаётган эътибор сабаб, бизнинг фаолиятимиз ҳам ривожланиб бормоқда. Айниқса, хорижлик сайёҳлар маҳсулотларимизга жуда қизиқишади.
Бу каби фестиваллар Ўзбекистон заминида яшаб ўтган ва етишиб чиққан буюк олимларнинг ислом ва дунё цивилизациясини ривожлантиришдаги хизматларини эътироф этиш, шунингдек, “зиёрат туризми” доирасида муқаддас қадамжоларга ташриф буюриш ва диний маросимларни бажариш мақсадида ташкил қилинмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/CAnz8XFq4Ik?si=Zkm0-TfkQ_muyN0Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари