Касб-ҳунар мактаби битирувчилари текстил корхонасида бўлди
Президент топшириғи –амалда
Президентимиз ташаббуси билан жорий йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.
Йил дастуридан, қолаверса, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида ёшлар билан ишлаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, хусусан, умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчиларига ишчи ва IT касбларга ўқиш имконини яратиш, ёшларнинг таълимдан кейинги бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар мактаблари битирувчиларини меҳнат бозорига тайёрлаш юзасидан берган топшириқлари ижроси доирасида Андижонда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-16831]
“Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси вилоят бўлими, Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамкорликда касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари учун Андижон шаҳридаги “Динар” текстил корхонасига ташкил этилган экскурсия ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
– Вилоятимиз аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, – дейди Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди раҳбари Зардуна Исмоилова. – Айни кунда бутун мамлакатда бўлгани каби Андижонда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган экскурсия давомида битирувчилар Андижон шаҳридаги "Динар" текстил корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Битирувчи ёшлар корхона раҳбарлари, ишчи ва мутахассислари билан суҳбатда бўлди, соҳага, шунингдек, ишга киришга оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари