Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш муҳим
Касаллик ўз вақтида тўғри муолажа қилинмаса оддий шамоллаш, бошқа турдаги касалликларни келиб чиқишига, кичик жароҳат эса оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Сирдарёда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш, ташҳислаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Вилоятимиз аҳолисини 29 фоизи яъни 245 минг 457 нафарини 14 ёшгача бўлган болалар, 4,8 фоизи яъни 40 минг 627 нафарини 17 ёшгача бўлган ўсмирлар, 66 фоизи яъни 558 минг 627 нафарини 18 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ташкил этади, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Файзулла Мавлонов. – Касалликка кўпроқ катта ёшдаги кишилар чалинмоқда. Сўнги пайтларда юрак қон томир, сурункали холестерин, гипертония, эндокрин тизими ва бошқа хавфли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи бошқа вилоятларда бўлгани каби Сирдарёда ҳам ошмоқда. Ўлим кўрсаткичи ҳам айнан ана шу касалликка чалинган фуқаролар орасида кузатилмоқда.

Энг ачинарлиси касалликларнинг келиб чиқишига соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, зарарли одатлар, спиртли ичимлик, тамаки маҳсулотлари ва жисмоний фаолликни йўқлиги сабаб бўлмоқда. Ўтган йиллар мобайнида вилоят аҳолисининг 801 минг нафари тиббий хатловдан ўтказилди. Шунга қараб, уларнинг саломатлик кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилди ва учта хавф гуруҳига бўлинди. Натижада 37 183 нафар фуқарода турли хил касалликлар аниқланиб, шундан 18079 нафарини яъни 41 фоизи даволанди.

Бунда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ишлаётган оила шифокори, патронаж ҳамшираларнинг ёрдами катта. Чунки, замонавий тиббиётда касалликлар профилактикаси муҳим ҳисобланади. Оила шифокори ва патронаж ҳамширанинг ҳамжиҳатликда ишлаши касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш имконини беради. Бу эса турли оғир даражадаги касалликларни даволаш учун ортиқча ресурслар сарфланишининг олдини олибгина қолмай, тиббиёт ривожига, давлат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.

Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият юклабгина қолмай, улар учун кўпдан кўп енгиллик ва имтиёзлар берди. Қолаверса, “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида ҳудудларда мавжуд бўлган оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар моддий-техник жиҳатдан таъминланиб, улар ишлаши, фаолият юритишлари учун муносиб шарт-шароит яратилмоқда.
Ш. Суяров,
Ш. Ортиқбоев,(сурат) ЎзА.