Касаба уюшмалари ходимлар манфаатини ҳимоя қилмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти олиб бораётган адолатли ижтимоий сиёсат доирасида касаба уюшмаларининг роли ортиб бормоқда.
Давлат раҳбари бошчилигида улкан ислоҳотлар марказида бўлган “Инсон қадри учун” тамойили, ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган эътибор ошмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев бизга бу жамоатчилик институтининг халқ ҳаётидаги ўрни ва таъсир кучи ҳақида сўзлаб берди.
– Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси VIII қурултойи карорларида, шунингдек, Федерациянинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Стратегик йўналишларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Эркинжон Нуралиев. – Бугунги кунда юртимизда барча соҳалар каби фуқароларнинг ҳамда меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнатни таъминлаш йўналишларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тизимида халқаро алоқалар кенгайиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон давлатларининг касаба уюшмалари ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг эркин фаолият кўрсатиши, ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 24 та конвенцияси ва 1 та протоколи ратификация қилинди.
Алоҳида аҳамиятга сазовор бўлган яна бир жиҳат – Ўзбекистонда иш жойидаги демократиянинг илк кўринишлари бундан 120 йил аввал юзага келиб, 1905 йилдаёқ дастлабки касаба уюшма ташкилотлари тузилганидир.
Шу ўринда вилоятимизда меҳнат қонунчилигигига риоя этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш, ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли турли қатламларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари билан ижтимоий шериклик масалаларида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Касаба уюшмалари фаоллари томонидан ёз мавсумида вилоят бўйича 10 минг 600 нафар боланинг оромгоҳларда дам олиши ташкил этилгани, 7 минг 100 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари, фахрийлар тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли тарзда соғломлаштирилгани, корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган 21 мингдан зиёд ишчи-ходимнинг республикамиз ва вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлари ташкил этилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Жорий йилнинг ўтган даврини олиб қарайдиган бўлсак, 551 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 2 млрд. сўмга яқин маблағ ундирилгани меҳнат қонунчилигини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни муҳим эканининг амалий тасдиғидир.
Хусусан, АТ “Халқ банки” Бешариқ тумани филиали сайёр касса кассири Ш.Маҳмудовага иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўланмаганлиги оқибатида қайта ҳисоб- китоб қилиниб, 20 100 725 сўм иш ҳақи ҳамда ойлик иш ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун иш берувчидан Меҳнат кодексининг 333-моддасига кўра 50 653 827 сўм компенсация тўловларига қўшиб, жами 70 754 552 сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Бундан ташқари, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Фарғона БХОда Ахборот технологиялари бўйича бош мутахассис лавозимида ишлаб келаётган Ж.Жўрабоевга суднинг ҳал қилув қарорига кўра 39 728 000 сўм иш ҳақи ва маънавий зарар учун 13 000 000 сўм, жами 52 728 000 сўм ундириб берилди. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги бу каби амалий ишлар кўп.
Айрим идора, ташкилотларда ҳуқуқшунос лавозими йўқ ёки борларида ҳам иш ўрни бўш. Ноқонуний буйруқ чиқарган амалдорга нисбатан на маънавий, на моддий жазо чораси белгиланмаган.
Оқибатда адолатга эришгунча сарсон-саргардон бўлганлар қанча! Албатта, касаба уюшмалари ҳар бир ҳолатда қонунга таяниб, ноҳақ ишдан бўшатилган фуқаро манфаатини ҳимоя қилади, бундан кейин ҳам, шубҳасиз, шундай бўлади.
ЎзА мухбири
Муҳаммаджон Обидов ёзиб олди.