Касаба уюшмалари куни муносиб нишонланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳрида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг вилоят кенгаши, бошқарма, муассасалар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар, уюшма ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилояти ҳокими Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов сўз олиб, барчани байрам билан табриклади. Бугун касаба уюшмалари бундан беш йил олдинги меҳнаткашлар ташкилотидан умумхалқ ташкилотига айланиб бораётгани хусусида сўз юритиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ташаббускорлик намунасини кўрсатаётганини қайд этди.
Айни пайтда вилоят касаба уюшмалари ўз сафида 340 мингдан зиёд аъзони бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга яқиндан кўмаклашмоқда.
[gallery-14469]
Хусусан, вилоятда сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш учун “Амударё” соғломлаштириш маркази, “Термиз марвариди”, “Хўжаипок” санаторийлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу йилнинг сентябрь ойида 200 ўринли яна бир дам олиш маскани – “Сангардак” санаторийси эзгу мақсад йўлида иш бошлади. Шу билан вилоятда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар сони 4 тага етди. Бундан етти йил олдин бирорта санаторийси бўлмаган Сурхондарё бу жихатдан республикада Тошкент вилоятидан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олди. Уларда йилига 30 минг нафар аҳоли дам олиб, соғлиғини тиклаш имконияти яратилди.
Тизимдаги яна бир эътирофга сазовор воқеа, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари ўртасида ўтказилган “Энг яхши жамоа шартномаси” кўрик-танловида “Термиз дарё порти” МЧЖ бошланғич касаба уюшма ташкилоти ғолиб, деб топилди.
Байрам тадбирида Касаба уюшмалари федерацияси эълон қилган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши аёл иш берувчи”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” сингари танловлар ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
ЎзА фотомухбири Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар