Касаба уюшмалари аъзолари манфаати ҳимоя қилинмоқда
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши томонидан “Ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Бугунги кунда вилоят касаба уюшмалари тизимидаги 1400 дан ортиқ бошланғич ташкилотларга 204 минг нафардан зиёд ишчи-ходим бирлашган. Шунингдек, касаба уюшмасига 189 та нодавлат сектордаги корхона ва ташкилотлар жалб этилиб, улардаги 3315 нафар ишчи-ходим аъзоликка қабул қилинган.
– Касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг манфаатини ҳимоя қилишдир, – дейди Федерациянинг Навоий вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Жорий йилнинг беш ойида жисмоний ва юридик шахслардан 229 та турли хилдаги мурожаатлар келиб тушган. Шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 21 та даъво ариза киритилган. Уларнинг 19 таси ижобий қаноатлантирилиб, фуқаролар фойдасига қарийб 885 миллион сўмга яқин моддий ва маънавий зарар ундириб берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорлари талабларига асосан малака имтиҳонлари ташкил этилиб 6 нафар талабгорга малака сертификати топширилди.
Шунингдек, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва касб касалликлари профилактикаси юзасидан тарғибот тадбирлари олиб борилди. Натижада ўтган 5 ой мобайнида ишлаб чиқариш билан боғлиқ 1 та бахтсиз ҳодиса содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 баробарга камайтиришга эришилди.
[gallery-17802]
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар атрофлича жавоб қайтарди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари