Картошка уруғлиги “In-vitro” усулида етиштирилмоқда
Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “CS – BIO SAMARKAND” қўшма корхонаси томонидан Жанубий Кореянинг “In-vitro” биотехнологияси асосида импорт ўрнини босувчи картошка уруғлиги етиштириш йўлга қўйилди.
Лойиҳа доирасида тадбиркорнинг 7 миллиард сўм ўз маблағи ҳамда Жанубий кореялик инвесторнинг 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармояси эвазига республикада биринчилардан бўлиб “In-vitro” биотехнологияси бўйича картошка уруғлиги етиштиришга ихтисослашган замонавий лаборатория иш бошлади. Лабораторияда 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилган бўлиб, бир дона микро тубикдан 50 минг дона, вирус ва турли касалликлардан холи, иқлим шароитимизга мос, серҳосил картошка уруғлиги етиштириш имконияти яратилди. Айни кунларда бу ерда картошканинг “Санта”, “Пикассо”, “Невский”, “Сумми” ва “Салболтинг” навлари яратилмоқда.
Қўшма корхона томонидан “In-vitro” биотехнологияси асосида бир йилда 6,5 гектар замонавий иссиқхоналарда 900 гектар ерга етадиган сифатли, супер элита авлодга мансуб картошка уруғлари етиштирилмоқда.

– Бизда ушбу технология асосида картошка уруғлиги етиштириш анча такомиллашган, – дейди “CS–BIO SAMARKAND” қўшма корхонаси бош лобаранти Жанубий кореялик мутахассис Ким Сео Ҳуи. – Ўзбекистонда ҳам бугун бу тизим кенг қўлланилмоқда. Лабораториямизда картошка уруғлиги етиштиришда буюртмачининг талабига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳозирда беш хил картошка уруғи яратилаётган бўлса, келгусида Ўзбекистоннинг уруғлик картошкага бўлган эҳтиёжининг 20-25 фоизини таъминлаш имконияти мавжуд.
Замонавий лабораторияда бир дона микро тубикдан 50 минг донадан ортиқ картошка уруғлиги етиштирилади. Уруғлик картошканинг оналик тугунчасидан исталганча нишона олиниб, қарийб 30 кун давомида лабораторияда парваришланади. Сўнгра корхона қошида замонавий гидропоника усулида барпо этилган иссиқхоналарда кўпайтирилади.
“CS–BIO SAMARKAND” қўшма корхонаси таъсисчиси Фирдавс Ражабовнинг маълум қилишича, келгуси йилдан бошлаб Самарқанддаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликларига 15 минг гектар ерга етадиган супер элита авлодига мансуб картошка уруғлари етказиб берилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА