Картошка етиштириш ҳажми ортади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилик базасини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 2022 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида республикамизда 2 миллион 600 минг тонна картошка етиштирилган. Бу – 2021 йилнинг шу даврига нисбатан картошка етиштириш 6,6 фоизга ошганлигини кўрсатади. Жиззах вилоятида худди шу даврига картошка ишлаб чиқариш кўрсаткичи 54,5 минг тоннани ташкил этган.
Мамлакатимизда картошка етиштириш, аҳолининг картошкага бўлган талабини тўла қондириш, уруғчилик тизимини йўлга қўйиш ва етказиб бериш тадбирларини сифатли амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш эътиборга жоиздир.
Республикамиздаги Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги билан биргаликда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос юқори авлодли уруғлик картошка етиштириш, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига арзон маҳаллий уруғлик етказиб беришни ташкил этиш мақсадида картошка уруғчилигига ихтисослашган элита уруғчилик хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилишини таъминлайди.
Республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалида 2023-2027 йилларда Корея ҳукуматининг 4 миллион 100 минг АҚШ доллари техник кўмак маблағлари асосида картошка уруғчилигида “Илм – таълим – ишлаб чиқариш” тамойили бўйича “Картошка уруғчилиги маркази”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Самарқанд вилояти, Жиззах вилояти, Тошкент вилояти, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд вилоятидаги хорижий корхонага юқори авлодли уруғлик картошка етиштириш мақсадида 2023 йил якунига қадар Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидан 150 гектар, Тойлоқдан 150 ва Самарқанд туманидан 200 гектар, жами 500 гектар, 2024 йил 1 февралга қадар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидан 200, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин туманларидан 200 гектардан, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидан 200, Китоб туманидан 150 гектар, жами 950 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларининг 25 йил муддатга белгиланган тартибда ижарага берилишини таъминлайди.
Ҳукуматнинг ушбу қарор лойиҳаси қабул қилиниши халқимиз дастурхонининг сифатли картошка маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондирибгина қолмай, экспорт салоҳиятини кескин ортишига замин бўлади.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА