Карманада ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Ёшлар куни доирасида Навоий вилояти Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев ёшлар етакчилари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашув аввалида маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими таҳлил қилиниб, фаолиятда юқори натижаларга эришаётган ёшлар етакчилари муносиб эътироф этилди. Айниқса, хорижда таҳсил олиб, бугунги кунда ўз билим ва тажрибасини маҳаллалардаги ёшлар манфаати йўлида сафарбар этаётган ташаббускор ёшларнинг фаолияти алоҳида қайд этилди.
Мулоқот давомида стартап лойиҳалари, сунъий интеллект соҳасидаги инновацион ғоялар ҳамда тадбиркорлик ташаббуслари муҳокама қилинди. Ёшлар етакчилари спорт майдончаларини яхшилаш, ёритиш тизимларини такомиллаштириш, “Туман ҳокими кубоги” футбол мусобақасини ташкил этиш ҳамда Самарқанд шаҳрига маърифий саёҳат уюштириш бўйича таклифларини илгари сурди.

Ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф атрофлича кўриб чиқилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш, молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
– Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда, – дейди Шибзон маҳалласидаги ёшлар етакчиси Фарҳод Райимов. – Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу каби мулоқотлар эса ёшларнинг инновацион салоҳиятини юзага чиқариш ва уларни замонавий иқтисодиёт талабларига мос равишда қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Тадбирда туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари иштирок этиб, суҳбат жараёнида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Учрашув якунида фаолияти билан намуна кўрсатаётган 7 нафар маҳалла ёшлар етакчиси тақдирланди, барча иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Албатта, бу каби эътирофлар ёшларни янада фаол, ташаббускор ва масъулиятли бўлишга ундайди. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам ҳар бир ёшнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва келажакка ишончини мустаҳкамлашдан иборат.
А.Бўриев, ЎзА мухбири