Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Навоий вилоятининг Кармана туманида бир қатор мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди.
Жумладан, “Дўрмон” маҳалласида қурилган “Дўрмон кичкинтойлари” давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1 миллиард 248 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган.
“Талқоқ” маҳалласидаги “Первый шаг” номли рус тилига ихтисослаштирилган оилавий мактабгача таълим ташкилоти эса 35 ўринга мўлжалланган.
Ушбу мактабгача таълим ташкилотлари очилишига бағишланган тадбирларда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган ишлар, улар учун яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари янгидан бунёд этилган боғчаларда болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди ва келажагимиз ворислари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлардан баҳраманд бўлди. Шу кунга қадар туманда 29 давлат, 22 давлат-хусусий шерикчилигидаги ва 73 оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эди. Туманда 2017 йилда 18 давлат мактабгача таълим ташкилотига 2519 нафар бола қамраб олиниб, қамров даражаси 24,1 фоизни ташкил этган. 2023 йилда эса 124 мактабгача таълим ташкилотига 10 минг 667 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 8559 нафари қамраб олинган. Шунингдек, 6 ёшли болаларнинг 91 фоизи мажбурий таълимга жалб этилган.
А.Бўриев, ЎзА