Карим Баҳриев виждони уйғоқ журналист эди
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси хабарига кўра, таниқли журналист Карим Баҳриев оламдан ўтди.
Ўтиш даврининг паст-баландлигини бошдан кечирган ижодкор залворли мақолалари билан ўз даврида миллат бошига тушган кулфатлардан кенг жамоатчиликни огоҳ этган эди.
Устоз журналист 1962 йил 15 июлда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. У моҳир журналист, ёзувчи, таржимон, собиқ депутат, парламент аъзоси ва сиёсатчи. 90-йиллар журналистикаси ва сиёсати тарихидаги кўп қиррали шахс сифатида халқимиз меҳрини қозонган ижодкор эди.
Маълумотларга кўра, Карим Баҳриев 1979 йилда Ургутдаги 8-мактабни олтин медаль билан тугатган. 1979 йилдан Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультетига кирган. 1985 йилда Москва давлат университетининг журналистика факультетини тугатган.
“Хўжалик ва ҳуқуқ – Хозяйство и право”, “Миграция ва хавфсизлик” журналларида бош муҳаррирлик қилган, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Маърифат” газеталарида, “Жаҳон адабиёти” ва бошқа босма нашрларда фаолият юритган. 90-йилларнинг бошларида “Ҳуррият” газетасининг бош муҳаррири сифатида ҳам меҳнат қилган.
Карим Баҳриев Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси эди. “Сабр косасининг синиқлари”, “Томчидил” шеърий китоблари, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари”, “Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари”, “Ҳақиқат талабгоримиз” номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китоблари, “ОАВ ва сайловлар” ҳамда “СМИ и выбориы” номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланма, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий китоб, “Медиа ҳуқуқи” дарслиги, “ОАВ қонунчилигидан 100 саволга 100 жавоб” қўлланмаси, қатор танқидий-таҳлилий мақолалар муаллифи эди.
Устоз журналистнинг уч жилдлик “Дунё шеърияти” антологияси унинг ғоят улкан меҳнатларининг самарасидир. 144 мамлакат шеъриятидан қарийб 500 шоирнинг шеърлари жамланган ушбу китобга Карим ака ўттиз йиллик умрини сарфлаган.
Карим Баҳриевнинг “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китобида инсоннинг фикрлаш ва сўзлаш, мулоқот ва муҳокама қилиш эркинлигининг моҳияти, тақдири, аҳамияти ва истиқболидан сўз юритилади.
Устознинг “Тоқат” китобидан жой олган шеърларнинг аксариятида халқнинг ўртанган, ёнган, куйган, изтиробга тўла ҳайқириқ нидоси эшитилиб туради.
Шу билан бирга “Бетоқат” китоби Карим Баҳриевнинг серғалва ҳаётдаги теран кузатувлари асосида битган мақолалари тўпламининг давомидир. Унда иқтисодиёт, адабиёт ва журналистика, жамият, маданият мавзуларида турфа мақолаларни ўқиш мумкин. Муаллиф миллий мафкура ва умуминсоний қадриятлар, рақамли иқтисодиёт, коррупция каби кўплаб мавзуларда бонг уради. Сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари, тил сиёсати масалаларига ҳам тўхталиб ўтади.
Сенека, Платон, Вольтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарларини, жаҳон халқлари ҳикматларини, Генри Форднинг “Менинг ҳаётим”, Жорж Оруелнинг “1984” ва “Молхона”, Светлана Алексеевичнинг “Чернобил таваллоси” романларини ва Малькольм Гладуэлнинг “Даҳолар ва уддабуронлар” асарларини, Чингиз Айтматов, Дино Буссати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентури, Владимир Войнович, Веркор ҳикояларини, уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърий китобини, озар шоирлари Муҳаммад Ҳодий, Мирзо Алиакбар Собир, Расул Ризо, Ромиз Равшан, Собир Рустамхонли ва бошқаларнинг шеърлари ва достонларини, турк шоирлари Пир Султон Абдол, Шайхулислом Камол Пошшозода,Юнус Эмро, Қул Насимий, Ошиқ Харобий Бобо, Ошиқ Вайсал шеъриятини ҳамда Ўрхон Вали назмини ва бошқалар асарларини ҳамда рус шоирлари китобини таржима қилган.
Таржималари “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлигининг бешта жилдида, “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигининг учта жилдида чоп этилган.
Устоз ижодкор адабиёт мухлислари, ижод аҳли, шогирдлари, халқимиз қалбида мангу яшайди.
Н.Усмонова, ЎзА