Каратэ бўйича пойтахт чемпионати бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 27-август куни Тошкентда каратэ спорти бўйича туманлар ўртасида шаҳар миқёсидаги саралаш мусобақаси бўлиб ўтди. Унда пойтахтнинг бир қатор туманларидан келган ёш спортчилар куч синашиб, Республика чемпионатига йўлланма учун баҳс олиб бордилар. Мусобақада мураббий Маҳмуд Бадалов бошчилигидаги “Maxamad Karate” клуби аъзолари ҳам муносиб иштирок этиб, қатор совринли ўринларни эгалладилар.
Ката йўналишида — учта совринли ўрин
Ката дастурида клуб спортчилари юқори натижаларни қайд этдилар. Бадалова Муслима — 1 ўрин, олтин медаль, Рихсибоева Ситора 2-ўрин кумуш медаль, Раҳимова Солиҳа учинчи ўринни эгаллаб бронза медалига сазовор бўлди. Шу тариқа клуб вакиллари ката йўналишида ҳам ўз маҳоратини намойиш этди.

Кумитэда ҳам олтин медаллар
Кумитэ баҳсларида эса Нарзуллаева Мадина ва Рихсибоева Ситора ўз вазн тоифаларида рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллашди ва олтин медалга сазовор бўлдилар. Бу натижа Рихсибоева Ситора учун мусобақадаги иккинчи соврин бўлди. У ката йўналишида кумуш медални қўлга киритган бўлса, кумитэ йўналишида чемпионликни расмийлаштирди.

Ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда ҳам юқори натижалар
Ката дастурида клуб спортчилари — Эргашев Абдулла 1-ўрин, олтин медаль, Нарзуллаев Носир — 1-ўрин, олтин медаль, Исомуҳаммедов Жавоҳир ҳам 1-ўрин олтин медаль, Тоҳиров Билол эса 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалига сазовор бўлди.
Кумитэ баҳсларида эса: Тоҳиров Билол ва Нарзуллаев Носиржон олтин, Исомуҳаммедов Жавоҳир бронза медаллар билан тақдирландилар.

Республика чемпионати сари яна бир қадам
Ушбу натижалар клуб тарбияланувчиларининг Республика чемпионатигасаралаш жараёнидаги имкониятларини янада оширди. Айрим спортчилар ўз натижалари орқали Республика чемпионатига йўлланмани қўлга киритдилар. Бироқ саралаш жараёни ҳали якунлангани йўқ. 10 октябрь куни клуб мусобақаси ўтказилиши режалаштирилган. Унда мазкур шаҳар мусобақасида ғолиб бўлган спортчилар ҳам иштирок этади. Ушбу икки босқич натижалари асосида Фудокан каратэ-до йўналиши бўйича Тошкент шаҳридан Республика чемпионатига борадиган спортчилар саралаб олинади.

Олдинда — яна бир муҳим беллашув 20 сентябрь куни Фудокан каратэ бўйича Тошкент шаҳар чемпионати ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур мусобақа пойтахтдаги каратэ ихлосмандлари учун муҳим спорт воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда. Унда шаҳарнинг турли туманларидан кучли спортчилар иштирок этиши, катта рақобат муҳити шаклланиши ва янги чемпионлар номи аниқланиши кутилмоқда. «Maxamad karate» клуби спортчилари учун эса бу мусобақа Республика чемпионати олдидан ўз имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказиш ва юқори натижаларни мустаҳкамлаш учун муҳим босқич бўлади.

Маълумот учун, «Maxamad karate» профессионал спорт клуби 2018 йил 5 сентябрда ташкил топган. Дастлаб 20-30 нафар иштирокчилардан иборат бўлган спорт клуби бугунги кунда 250 нафар энг кучли спортчилар билан Жаҳон ва Ўзбекистон чемпионликларини қўлга киритиб келмоқда.
Клуб жамоаси Россиянинг Иваново шаҳрида ўтказилган очиқ Жаҳон кубогида 40 та олтин, 15 та кумуш ва 35 та бронза — жами 90 та медаль қўлга киритган. Туркияда ўтказилган “34th International Bosphorus Cup” мусобақасида Ўзбекистон вакили Бадалова Муслима 10–11 ёшли қизлар ўртасида −36 кг кумитэ йўналишида бронза медални қўлга киритган. Клубга Маҳмуд Бадалов (бош мураббий) ҳамда унинг тўрт нафар Ўзбекистон ва Жаҳон чемпионликларини қўлга киритган шогирдлари мураббийлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон спортчилари Фудокан каратэ бўйича халқаро ва Жаҳон чемпионатларида ҳам иштирок этиб келмоқда.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА