Карантиндан чиқишда Германия тажрибаси қандай?
Германия бугун коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чекловларини юмшатмоқчи.
Германия бугун коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чекловларини юмшатмоқчи. Мамлакатда март ойининг бошларида чекловлар ўрнатилган эди. Бугун Германияда коронавирус билан касалланганлар сони камайиб, соғайганлар сони эса аксинча ортмоқда.
Кутубхоналар очилади
Катта савдо марказлари фаолияти ҳамон чекланган, аммо йирикроқ дўконлар очилиши мумкин. Катта савдо марказларида аҳолининг кўп тўпланиши сабаб очилишга рухсат берилмаган. Китоб дўконларига эса ҳажми катта ёки кичик бўлишига қарамай харидорларга хизмат кўрсатишга рухсат этилмоқда. Шунингдек, автосалонлар, велосипед дўконлари ва уларни созлаш марказлари ҳам очилиши кутилмоқда. Сўнгги ҳафтада Германияда илиқ ҳаво кузатилиши кутилмоқда. Шу сабабли ҳам Германия вирусологлари одамларга очиқ ҳавода юришни тавсия этмоқда. Орада 1,5 метр масофани сақлаган ҳолда велосипедда очиқ ҳавода сайр қилиш энг яхши ечим, дейди олмон мутахассислари. Автосалонларнинг вақтли очилиши эса салон хўжайинларининг парламентга қилган босими билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Имтиҳонлар ўз вақтида бўлиб ўтади
Мактабларнинг очилиши маҳаллий ҳокимиятларга боғлик бўлиб қолмоқда. Битирувчилар эса 4 майдан ўқишга қайтади ва битирув имтиҳонлари ўз вақтида бўлиб ўтади. Университет кутубхоналари кучайтирилган гигиена чораларига риоя қилинган ҳолда ишлай бошлайди. Шунингдек, қатьий гигиена қоидаларига риоя этиш асосида олий ўқув юртлари имтиҳонлари ҳам ўз вақтида махсус тайёрланган аудиторияларда бўлиб ўтиши айтилмоқда. Бироқ маърузалар онлайн тизимда ўтишда давом этади.
Олмонлар сартарошхоналарга қайтади
4 майдан сартарошхоналар ўз фаолиятини бошлайди. Уларга ҳам шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш талаби қўйилган. Бироқ жисмоний яқин бўлиш талаб этилган уқалаш марказлари, барлар ва гўзаллик салонлари очилмаслиги маълум қилинган.
Дорихона, қурилиш моллари дўкони, кимёвий тозалаш марказлари ва турли устахоналар ишлашда давом этади. Мамлакатдаги қурилиш ишлари ҳам фаолиятини тўхтатмайди.

Ижтимоий масофа ўзгармайди
Ижтимоий масофа энг камида 1,5 метрлигича қолади ва барча жамоат жойларида бунга амал қилиш талаб этилади. Фақатгина бир оила аъзоларига бу қоида таллуқли эмас.
Мактаб ёшига етмаган фарзанди борларга қулайлик бор
Мактабгача таълим муассасалари ҳамон ёпиқлигича қолмоқда. Чунки боғча ёшидаги болалар гигиена қоидалари ва масофа сақлаш тартибига амал қилмасликлари мумкин. Бироқ мактаб ёшига етмаган фарзанди бўлган шифокор ва озиқ-овқат дўкони сотувчиси бўлган ота-оналар учун болаларга вақтинча қараб турувчи марказлар ташкил этилган. Ресторан, кафелар ҳамон тақиқ остида қолади ва улар қачондан очилиши ҳозирча маълум эмас. Чунки умумий овқатланиш жойларида касалликни юқтириш хавфи ҳамон юқори саналмоқда. Ресторан ва кафелар овқатларни етказиб бериш хизматини сақлаб қолган ҳолда иқтисодий тангликни четлаб ўтмоқдалар. Кафе ичида одам тўпламайдиган музқаймоқ сотувчи кафелар ўз фаолиятини давом эттираверади.
Концерт, фестивал ва бошқа йирик маросимлар август ойи якунига қадар очилмаслиги мумкин. Одамлар ёнма-ён ўтириши кузатиладиган маданий йиғинлар яъни театр, кино ва музейлар ва тунги клубларнинг ҳам очилишига рухсат этилмаган. Коронавирус даврида одамларни ёнма-ён учратиш мумкин бўлган барча субъектлар таъқиқда қолмоқда.
Олмонияда футбол ишқибозлари ҳам тез орада майдонга қайтмаслиги аниқ. Бошқа спорт тадбирлари ҳам шу қаторда ёпиқлигича қолади. Спорт, фитнес клублари, болаларнинг ўйин майдончалари очилмаслиги маълум қилинган.
Масжид, черков ва сенагогалар очилишга эрта дейилмоқда. Яқин орада Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер бу масала юзасидан диний конфессия вакиллари билан учрашув ташкил этиши айтилган.
Саёҳат, чет элга чиқиш ҳамон таъқиқда
Бошқа Европа мамлакатлари каби Германия учун ҳам бу йил сайёҳларсиз мавсум бўлади. Германияда аҳолидан мамлакатдан ташқарига чиқмаслик сўралмоқда. Шу жумладан мамлакат ичида саёҳат қилиш ҳам тавсия этилмайди.
4 майга қадар Германия Федератив Республикаси қўшни 5 та давлатлар билан чегара текширувларини кучда қолдиради. Фақатгина қўшни давлатларда ишловчилар ва юк ташувчиларга чиқишга рухсат этилади. Бироқ, Белгия ва Нидерландия ўртасидаги чегараларда эркин ҳаракатланиш мумкин.
Меҳмонхоналарчи?
Меҳмонхона ва пенсионатлар учун оғир дамлар ортда қолди. Хорижликлар ва вақтинча иш билан Германияда қолишга мажбур бўлганларга меҳмонхоналарда тунашга рухсат этилади. Бироқ улар икки ҳафталик карантинга амал қилишлари лозим.
30 апрелга қадар бу қоидаларга бир қанча ўзгаришлар киритилиши ҳам мумкин. Айнан 30 апрель куни Ангела Меркел ва федераль ерлар бош вазири учрашуви кутилмоқда. Бу учрашувда карантинни енгиллаштириш чоралари қайта кўриб чиқилади.