Карантин қоидасини бузган шахс жазоланади
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинди. Хориждаги юртдошларимиз мамлакатимизга олиб келиниб, тиббий текширувдан ўтказилди ва тиббиёт мутахассисларининг хулосасига кўра коронавирус касаллиги аниқланган фуқаролар алоҳида шифохоналарга, касаллик қайд этилмаганларнинг маълум бир қисми турли муассасаларга, касаллик аломатлари қайд этилмаган қисми эса ўз уйларида карантинга олинди.
Касаллик қайд этилиб даволанишга ётқизилган ва шифохоналарга ётқизилган фуқароларнинг тўлиқ таъминоти давлат томонидан амалга оширилган бўлса, ўз уйларида карантинга олинган шахсларга маҳаллий ҳокимликлар томонидан 8 турдаги озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва зарур шахсий гигена, тиббий ниқоблар ҳамда антисептик воситалар етказиб турилди.
Аммо минг афсуски, ҳукуматимиз ўз уйида карантиндаги фуқаролар ва уларнинг яқинлари саломатлиги борасида қайғурганига қарамай, карантин давридаги белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилмаганлар ҳам учради. Улар давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигига нонкўрлик қилиб, карантин талабларини ношкурларча бузди...
Жорий йилнинг 26 март куни Гулистон туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан 1984 йил 18 ноябрда Сирдарё вилояти, Гулистон туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, муқаддам судланмаган, уйланган, 2 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, шу туманнинг Бирлашган маҳалласи, Ўрикли кўчасида яшовчи Сангилов Сайфуддин Рўзибаевичга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатларини кўриб чиқилди.
Сайфуддин Сангилов Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Коронавирус инфекцияси аниқланганда (ёки гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомда кўрсатилган талаблар ва карантин қоидаларини қўпол равишда бузди.
У жорий йилнинг 15 март куни Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига келади ва орадан 3 кун ўтиб, 18 март куни ўзи истиқомат қиладиган Гулистон тумани, Бирлашган маҳалласи, Ўрикли кўчаси 26-уйда карантинга олинган. У уй карантинига олинган пайтида, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан карантин қоидалари, унга тўла-тўкис амал қилиш шартлиги, бирор бир сабаб ва зарурат билан ҳам то карантин муддати тугамагунга қадар уйидан чиқмаслик ҳақида тилхат ҳам олинган.
Лекин шуларнинг барчасига қарамай, фуқаро Сайфуддин Сангилов жорий йилнинг 24 март куни карантин қоидаларини бузган ҳолда уйдан ташқарига чиқиб кетади. Фуқаронинг бу ҳуқуқбузарлик ҳолати Гулистон туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан аниқланиб, С.Сангилов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан зудлик билан топилиб, уйига қайтарилади ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади.
Бу ҳаракати билан С.Сангилов нафақат ўзининг балки, бошқаларнинг ҳам саломатлигига хавф туғдиради ва юқоридаги ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этади.
Суд, ҳуқуқбузар С.Сангилов карантинда сақланаётганлиги, суд мажлисига келиш имкони йўқлиги, суд мажлисини уни иштирокисиз кўришни сўраганлиги сабабли маъмурий ишни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 294-моддаси 2-қисмига асосан ҳуқуқбузарнинг иштирокисиз кўриб чиқди.
С.Сангилов томонидан дастлабки суриштирув давомида берган тушунтириш хатида, ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 15 март куни Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига келганидан сўнг шу йилнинг 18 март куни Гулистон тумани, Бирлашган маҳалласи, Ўрикли кўчаси 26-уйда карантинга олинганлиги, туман ИИБ ходимлари томонидан маълум қилиниб, 14 кунлик уй карантини муддати тугагунга қадар уйдан чиқмаслиги, бошқа фуқаролар билан мулоқотда бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилганлигига қарамасдан, жорий йилнинг 24 март куни карантин қоидаларини бузган ҳолда, уйдан чиқиб кетганини тўлиқ тан олди.
Суд, ҳуқуқбузар С.Сангиловга қарор қабул қилишда унинг шахсини, айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, кам таъминланган оила эканини, вояга етмаган 2 нафар фарзанди ва ҳеч қаерда ишламайдиган турмуш ўртоғи борлигини инобатга олиб жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаб, республика ҳудудида “Коронавирус” инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида фавқулодда чоралар қўлланилаётган вақтда, омма ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши мумкинлигини била туриб, ўзи, яқинлари ва атрофдагилар саломатлигини хавф остига қўйган ҳолда содир этганлигини жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат деб топди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрь кунги 35-сонли “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида берилган раҳбарий тушунтиришларга амал қилиб унга нисбатан қонун санкцияси доирасида жарима жазосини тайинлашни лозим деб топди.
Юқоридагиларга биноан ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245, 294, 309, 310-311-моддаларига риоя қилиб, суд Сангилов Сайфуддин Рўзибаевични Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, С.Сангиловнинг айбига иқрорлигини, кам таъминланган оила эканлигини, маҳалла томонидан берилган ижобий характеристика ва бошқа узрли сабабларни инобатга олди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Мамлакатимизда суд адолат посангиси билан ўлчанади. Акс ҳолда оддий карантин қоидаларига амал қилмай, ўзи, яқинлари ва атрофдагиларнинг саломатлигини хавф остига қўйиб юрган С.Сангиловга ўхшаган ношкур кимсалар, бундан-да каттароқ жазога лойиқ эди.
Сардор СУВАНОВ,
Гулистон туман маъмурий суди судьяси