Канндаги Гран-при соҳиблари Бухорода эътироф этилди
Бухорода мамлакатимиз кинематографияси учун тарихий аҳамиятга эга бўлган воқеага бағишланган тантанали учрашув ва фильм премьераси бўлиб ўтди. Унда маданият ва санъат ихлосмандлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар, ёш ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий қаҳрамонлари Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган нуфузли халқаро кинофестивалда юксак муваффақиятга эришган бухоролик ёш режиссёрлар Суҳроб Қодиров ва Дилшодбек Усмонов бўлди. Уларнинг меҳнати, истеъдоди ва ижодий изланишлари нафақат Бухоро, балки бутун Ўзбекистон аҳлини фахрлантиргани алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида қатнашчилар эътиборига халқаро кино жамоатчилиги томонидан юксак баҳоланган “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли бадиий фильми намойиш этилди. Фильм томошабинларда катта таассурот қолдириб, кўпчиликнинг қалбига йўл топди.

Маълумки, жорий йилнинг май ойида Франциянинг Канн шаҳрида бўлиб ўтган “ENTRE DEUX CANNES” XVII халқаро инклюзив кинофестивалида мазкур фильм энг олий мукофот Гран-при совринига сазовор бўлди. Мазкур фестиваль дунё кино санъатининг энг машҳур анжуманларидан бири бўлган Канн кинофестивали доирасида, унга параллел тарзда ўтказиладиган мустақил инклюзив кинофестивал ҳисобланади.
Фестивалда Африка, Америка, Европа ва Осиёнинг турли мамлакатларидан юзлаб киноижодкорлар иштирок этган. Ташкилотчилар маълумотига кўра, 2026 йилги кино мавсуми учун 600 дан ортиқ фильм тақдим этилган бўлиб, уларнинг атиги йигирмадан ортиғи якуний саралаш босқичидан ўтган. Ана шу кучли рақобат шароитида ўзбекистонлик ёш ижодкорлар томонидан яратилган “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” фильми ҳакамлар ҳайъатининг энг юқори баҳосига муносиб деб топилди.
Фильм Даун синдроми билан туғилган Юсуф исмли боланинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади. Асарда унинг мусиқага бўлган беқиёс меҳри, орзу-умидлари, ҳаётга муҳаббати ҳамда онаси Зилоланинг фарзанди учун олиб борган матонатли кураши жуда таъсирчан ва самимий тарзда тасвирланган.

Фильмнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у томошабинни нафақат бир боланинг тақдири билан таништиради, балки меҳр-муҳаббат, сабр-тоқат, инсон қадри ва имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши каби умуминсоний қадриятлар ҳақида чуқур ўйлашга ундайди. Шу боис фильм халқаро экспертлар томонидан нафақат бадиий ечимлари, балки инсонпарварлик ғоялари учун ҳам юксак баҳоланди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, Каннда қўлга киритилган мазкур тарихий ғалаба ўзбек киносининг халқаро майдондаги нуфузи тобора ошиб бораётганининг ёрқин исботидир. Бу ютуқ нафақат икки ижодкорнинг шахсий муваффақияти, балки бутун миллий кинематография мактабининг ютуғи сифатида баҳоланмоқда.

Мазкур муваффақият мамлакат раҳбари томонидан ҳам юқори баҳоланди. Президент фармонига мувофиқ, Гран-при соҳиби бўлган ёш режиссёрлар Суҳроб Қодиров ва Дилшодбек Усмонов “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Бу эса мамлакатимизда истеъдод ва меҳнат ҳар доим муносиб қадрланишининг яна бир ёрқин намунасидир.
Тадбир давомида ижодкорларга эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг халқаро майдондаги улкан муваффақияти алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, йиғилганлар учун “Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган “Шамсиқамар” фильмининг премьераси ҳам намойиш этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири