Канаданинг янги Бош вазири сайланди
Бош вазир Жастин Трюдо истеъфога чиққандан сўнг Канада Марказий банки собиқ раҳбари Марк Карни ҳукмрон Либерал партия етакчиси этиб сайланди. Энди у мамлакатнинг янги Бош вазири бўлади. Бу ҳақда партия ижтимоий тармоқ орқали тарқатган баёнотда айтилган.
Яширин овоз бериш натижасидан кейин янги либерал етакчи таништирилган.
Карни ўз навбатида дарҳол Канада ҳеч қачон Қўшма Штатлар таркибига кирмаслигини эълон қилди.
- АҚШ Канада эмас ва давлатимиз ҳеч қачон, бирор кўриниш ёки шаклда Американинг бўлаги бўлмайди, - деди у Оттава билан Вашингтон ўртасидаги савдо божи билан боғлиқ муносабатда юзага келган кескинлик шароитида қилган мурожаатида. - Бу баҳсни биз бошламадик... Савдода ҳам, хоккейда бўлгани каби, Канада ғалаба қозонади.
Карни 2008 йил кузатилган молиявий бўҳрон даврида мамлакат иқтисодиётини инқироздан қутқариб қолган истеъдодли иқтисодчидир. Марк кейинчалик Англия Банкини бошқарган илк хорижлик мутахассисга айланди ва шу лавозимда 2020 йилгача ишлади. Сўнгра БМТда Иқлим ўзгариши ва молия билан боғлиқ масалалар бўйича махсус вакил сифатида фаолият олиб борди.
Ўн йил давомида ҳукуматни бошқарган Трюдо ўз маъмуриятининг миграция сиёсатидан норозилиги ва мамлакатда юзага келган юқори инфляция шароитида ваколатини топширди.