Канада ғарбида кучли ўрмон ёнғини давом этмоқда
Канадада мавсумнинг илк йирик ўрмон ёнғини якшанба куни мамлакат ғарби бўйлаб, тахминан, 10 000 гектар майдонга тарқалди.
AзерТAЖ маълум қилишича, ҳукумат энг ғарбий провинция – Британия Колумбияси учун эвакуация тўғрисида буйруқ чиқарган ва ҳудудда ҳаво сифати ёмонлашганидан огоҳлантирган.
Шимолий Рокки муниципалитети ва Форт Нельсон минтақасининг минглаб аҳолиси кўчирилди, чунки шу яқин атрофда ёнғин қамрови қарийб икки баробар ошиб, 4136 гектарни қоплади.
Мэр Роб Фрейзер телевидениега берган интервьюсида Форт Нельсон ва атрофдаги 3500 киши эвакуация қилинганини айтди.
Федерал ҳукумат Канадани яна бир “ҳалокатли” ўрмон ёнғини мавсуми кутаётганидан огоҳлантирди. Зеро, Ал-Ниниё ҳодисаси туфайли мамлакатнинг кўп қисмида баҳор ва ёзда ҳарорати одатдагидан иссиқ келиши тахмин қилиняпти.
Канада бу йил энг иссиқ қишлардан бирини бошдан кечирди, кўп ҳудудларда қор кам кузатилди ёки умуман ёғмади. Давом этаётган қурғоқчилик шароитида ўрмон ёнғинини келтириб чиқарадиган иссиқ ёз олдидан хавотир кучаймоқда.