Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев шаҳар ва туманларда бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.
Нукус шаҳри фаоллари, шунингдек, барча вазирлик, бошқарма, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирокида ўтказилган тадбирда шаҳар аҳолисининг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларга ечим топиш, уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва бу борада айрим соҳа раҳбарлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Нукус шаҳри аҳолисининг муаммоларини ҳал этиш, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш борасида “Обод маҳалла” дастури, шунингдек, “Оғир ҳудуд”лар рўйхатига киритилган маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Мана шундай бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда айрим соҳаларда хато-камчиликларга ҳам йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Жумладан, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, молиявий камчиликларга йўл қўйилгани, қўшиб ёзишлар йўли билан бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари учраётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, Нукус марказий деҳқон бозоридаги айрим салбий молиявий ҳолатлар, бир нечта ҳоким ёрдамчилари ўз ишига масъулиятсизлиги сабабли ажратилган кредит маблағларини мақсадсиз сарфлаб юборгани, банклардаги молиявий камчиликлар, кредит маблағларини ўз манфаати йўлида ишлатиш, секторлар фаолиятининг қониқарсизлиги танқид қилинди.

Инвестиция, “Обод қишлоқ” дастурлари ва давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлар асосида бажарилиши лозим бўлган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам тўлиқ якунига етказилмаган. Шунингдек, Нукус шаҳридаги бир қатор қурилиш объектлари, хусусан, ижтимоий объектлар, умумтаълим мактаблари, болалар боғчалари бинолари, хизмат кўрсатиш ўринлари ва бошқа ишга тушиши лозим бўлган лойиҳалар белгиланган режадан ортда қолиб, бу бўйича масъулларга тўлиқ назоратга олиш, зарур бўлса қонуний чоралар кўриш юзасидан аниқ топшириқ берилди.
Юқоридаги камчиликларга йўл қўйиб, ўз хизмат вазифаси ва ишончни суиистеъмол қилган Нукус шаҳри ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалари бўйича ўринбосари интизомий жазога тортилди.
Юртимизда “Инсон қадри” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида таълим соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Шундай экан, барча эътибор фарзандлар тарбияси, билим олишига қаратилаётган бугунги кунда мактаб ва боғчалар қурилишидаги камчиликларга кўз юмиб бўлмайди. Шу сабабли қурилиш ишларини, айниқса, умумтаълим мактаблари ва болалар боғчаларини муддатида якунламаган қурилиш ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига ушбу ташкилот раҳбарларига ҳам интизомий жазо чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.
Маҳаллаларда аҳолининг фикр-таклифларини ўрганиш, уларга ўз фаолиятини бошлаши учун ёрдам беришга тайинланган 37 нафар ҳоким ёрдамчиси, Маҳалла кесимида ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғининг лавозимга лойиқлиги кўриб чиқиладиган бўлди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фақатгина Нукус шаҳридаги 64 та маҳалла фуқаролар йиғинида 46 лойиҳа бўйича жами 56,6 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши таъкидланди.
Мана шундай учрашув Тахиатош тумани фаоллари билан ҳам бўлиб ўтди. Унда амалга оширилаётган ишлар билан қаторда йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири