
Томорқанинг хазина эканини англаган борки, бугун ундан фойдаланиб рўзғорини обод қилмоқда. Маҳсулотлар етиштириш орқали ҳам бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшмоқда, ҳам ўзини камбағалликдан қутқармоқда.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани ҳақида гап кетганда, кўпчилик аҳолисининг асосий даромади чорвачиликдан деб ўйлайди. Бу ҳам бор гап. Лекин кейинги йилларда туман аҳолиси томорқачиликда ҳам яхшигина натижаларга эришмоқда.
Масалан, тумандаги “Паканди” маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг 420 нафар аҳоли, 917 та хонадон, 1 минг 226 та оила истиқомат қилади. Маҳаллада драйвер йўналиш сифатида кўчатчилик белгилаб олинган. Қайси хонадонга кирманг, иссиқхона ва ерпарникларда мавж уриб ўсиб турган кўчатларни кўриш мумкин.
Масалан, маҳаллада яшовчи Маҳбуба Очилова ёш оила бекаси ва расмий иши йўқ. Қайнона-қайнотаси билан бирга яшайди. Қизлик уйида ҳам деҳқончилик билан шуғуллангани янги хонадонда жуда қўл келди. Турмуш ўртоғининг оиласи аввалдан кўчатчилик билан шуғулланиб келарди. Маҳбуба эса бу ишни янада ривожлантиришни мақсад қилди. Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан 60 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Ушбу маблағ эвазига 3 сотих майдонда замонавий иссиқхона, қолганида ерпарник асосида помидор, булғор қалампири, бақлажон, бодринг, шунингдек, бир қанча гулларнинг кўчатларини етиштиришни йўлга қўйди. Қолган маблағга 3 бош йирик шохли чорва ҳам харид қилди.
Оилавий ҳамжиҳатликда қилинган меҳнат ўз самарасини берди. Кўчатлар кутилгандан ҳам яхши даромад келтира бошлади. Қайнотаси Салим Худойбердиев ҳар куни бозорга кўчат етказиб беради. Қайнонаси эса бозорда ўтириб сотади. Хуллас ҳамма иш тақсимланган.
– Кўчат уруғларини махсус стаканларга февраль ойидан бошлаб экамиз, – дейди Маҳбуба Очилова. – Иссиқхоналардан буюртма бўлган пайтларда январь ойида баъзан ундан ҳам олдинроқ экиб тайёрлаб берамиз. Март ойидан бошлаб кўчатларни сота бошлаймиз. Апрелнинг ўрталарига бориб кўчатлар тугайди. Кейин рўзғор учун помидор, бодринг экилади, ундан сўнг кечки шолғом, сабзи экамиз. Хуллас бир йилда уч марта ҳосил оламиз томорқамиздан. Даромади яхши. Иши ҳам оғир эмас. Рўзғор ташвишларидан ортиб бемалол улгурамиз.
Маҳаллада бу каби кўчатчиликка ихтисослашган 700 тадан ортиқ хонадон бор. Шу боис мавсумда маҳалла кўчалари кўчат олувчи улгуржи харидорларга тўлиб кетади. Улар орқали пакандилик деҳқонлар етиштирган кўчатлар нафақат туман бозорига, балки қўшни туманларгача етказиб берилмоқда.
Қишлоқ аҳлининг кўчатчиликдаги омилкорлигини янада ривожлантиришда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Баҳром Худойбердиевнинг ҳам ҳиссаси катта. Унинг таъкидлашича, жорий йилда томорқачиликни ривожлантириш мақсадида 32 нафар фуқарога жами 603 миллион сўм имтиёзли кредит олишга кўмаклашилган.
Кейинги манзил Янги Дам маҳалласи бўлди. Ушбу маҳалла одамлари ҳам омилкорликда пакандиликлардан қолишмайди. Салкам етмиш ёшни қаршилаган Отақул Ботиров хонадонида бўларканмиз, амалдаги исботини кўрдик. Тартиб билан олинган эгатларда экилган қулупнайлар маржондек бўлиб пиша бошлаган. Бу эса нафақат томорқанинг файзини, балки оила даромадини ҳам ошишига хизмат қилмоқда.
– 20 сотих томорқамиз бўлса, шунинг 9 сотихига уч хил – виктория, қора шаҳзода ва корейс навли қулупнай кўчатларини экканмиз, – дейди Отақул Ботиров. – Деҳқончилик билан асосан нафақага чиққанимдан сўнг шуғуллана бошлаганман. Қулупнайчиликни йўлга қўйганимизга икки йил бўлди. Бу навлар маҳаллий қулупнайларга нисбатан серҳосил ва йил давомида ҳосил қилиши билан ажралиб туради. Бундан ташқари, мевасининг таркибида шакар миқдори ҳам кўп. Ҳар бир тупи 1,5 килограммгача ҳосил беради. Умумий ҳисобда ҳар йили бир тоннадан зиёд қулупнай етиштириб бозорга сотамиз. Даромадни шунга қараб ҳисоблайверасиз.
Тажрибали деҳқон фақатгина қулупнайчилик билан чекланиб қолмаган. 250 оила асалари, 5 бош соғин сигир, 62 бош майда шохли чорваси ҳам бор. Бундан ташқари, жорий йилда синов тариқасида томорқанинг бир чеккасига коврак ва эрон пистаси кўчатларини ҳам эккан. Натижа кутилганидек чиқса, ковракчилик ва пистачилик ҳам оилавий тадбиркорликнинг қўшимча тармоғига айланади.
Албатта бу каби ишларни бажаришда оила аъзоларининг ҳиссаси муҳим. Фарзандлару набиралар Отақул акага ҳақиқий кўмакчи.
Шу маҳаллада яшовчи Холиқ Миродилов ва турмуш ўртоғи Малика Бозорова гулчиликда ном чиқарган. Хонадонда 30 хилдан ортиқ гул турлари учратасиз. Уларни парваришлаб етиштиришни асосан оиланинг бекаси Малика опа Бозорова бажаради. Гулларни қишнинг изғиринидан, ёзнинг жазирамасидан фарзандидек авайлайди. Маҳаллага тушган ҳар бир келинга тувак гул совға қилишни анъанага айлантирган. Гул етиштиришдаги тавсия ва маслаҳатларини ҳам аямайди.
[gallery-22781]
Хуллас 4,5 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маҳаллада ҳам қайси хонадонга кирманг ободликнинг, омилкорликнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Бирорта бекор юрган одамни учратмайсиз. Ҳамма юмуш билан банд.
Туманда бу каби маҳаллалар талайгина. Уларнинг барчаси “Камбағалликдан фаровонлик сари” тамойилини ўзларига шиор қилиб олган. Қувонарлиси, уларнинг тажрибалари бошқаларни ҳам меҳнатга ундаб, томорқачилик маданиятини юксалишига хизмат қилиб келмоқда. Томорқадан оқилона фойдаланишга қизиқиш ортиб бораётгани “Бир контур-бир маҳсулот” тамойили асосида ички бозорни сифатли, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Еримиз туганмас хазина, мўъжазгина томорқа тўкин турмуш манбаи эканини амалда кенг намоён этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари