Давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги фармони асосида Хўжайли туманида амалга оширилган ишлар натижаси билан танишиш мақсадида кўргазмали семинар ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев, тегишли соҳа вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, ҳудудга бириктирилган вакил И.Эргашев тумандаги бир қатор маҳаллаларда бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи билан танишди. Оғир ҳудудга кирган Кун нури маҳалла, “Саманкўл”, “Қумжиққин” ҳамда “Амударё” овул фуқаролар йиғинлари аҳолисига яқиндан ёрдам кўрсатилди. Жумладан, бугунги кунга қадар 100 минг дона гилос кўчати, 1 минг 100 донадан бел, кетмон, челак каби меҳнат қуроли, 4 дона инкубатор, шу билан бирга ҳудудларда экин ерларининг сифатини янада яхшилаш мақсадида 13 дона миникультиватор бепул тарқатилди.
Маҳаллаларда иссиқхона хўжалигини ривожлантириш йўналишида ҳар бир маҳаллада 100 тадан иссиқхона қуриш режалаштирилган бўлиб, қурилиш ишлари якунланган иссиқхоналардан ҳудуд аҳолиси унумли фойдаланмоқда. Коллектор-дренаж, ариқ-зовур бўйлари махсус техникалар билан тозаланиб, зовур қирғоқларида ўрдакчилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга бўлиб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Оролбўйида, шу жумладан, Хўжайли туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қарор ижроси доирасида амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ушбу режа асосида энг оғир аҳволдаги маҳаллаларга республика даражасидаги раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари бириктирилди.
Томорқасида иссиқхоналар ташкил этиб, йил давомида даромад олаётган оилалар сафи кенгайиб бормоқда. Жумладан, “Саманкўл” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Турсинай Бекчанованинг оиласи 8 сотих томорқасидан йилига 3 марта ҳосил олмоқда. Иссиқхонада асосан кўкат, помидор ва бодринг маҳсулотлари етиштирилади. Шунингдек, 15 та ўрдак ҳам парвариш қилмоқда.
Тадбирда “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштириш, етиштирилган маҳсулотни шок усулида музлатиш ва экспортга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир маҳаллада маҳсулотни қабул қилиш пунктларини очиш зарурлиги таъкидланди ва бунга қизиқиш билдирган тадбиркорларга тегишли йўл-йўриқлар берилди.
[gallery-22718]
Семинар доирасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам ташкил этилиб, унда ёшларнинг таклиф ва фикрлари тингланди. Улар билдирган ҳар бир масала ўрганилиб, ижроси назоратга олинди. Ҳозирги вақтда 60 нафардан зиёд йигит-қизнинг мурожаати шакллантирилди ва уларни ижобий ҳал этиш бўйича чоралар белгиланди.
Шундан сўнг, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эзгу ниятлар билан турли кўчатлар экилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА