“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалда
Навоий вилояти прокурори Абдуқаҳҳор Муллажанов томонидан Қизилтепа туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Дастлаб туман мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, фуқароларни камбағалликдан чиқариш, жиноятчиликка қарши курашиш масалалари танқидий муҳокама қилинди. Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.


Вилоят прокурори “SVS NAVOIY” МЧЖ ХК томонидан амалга оширилаётган “Қурилиш учун латекс қопламали пахта қўлқопларини ишлаб чиқариш” ва “YANGI ASR” фермер хўжалигининг “Сутни қайта ишлаш” лойиҳалари билан танишиб, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларига ечим изланди.


Шунингдек, прокурор Хушарти маҳалласида ўзига бириктирилган 5 та оғир аҳволдаги оилаларни бориб кўрди ва уларни камбағалликдан чиқариш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири