Камбағалликдан чиқишнинг муҳим омили
Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 8 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқ ва вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шу топшириқлар ижроси доирасида Гулистон тумани ҳокими Шавкат Ғофуров ҳамда барча секторлар раҳбарлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Жўрабек Ғойибов ғалла ўрим-йиғимида илғорлар сафида бўлган Гулистон туманидаги буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш ҳолатини ўрганиб чиқди.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ғойибов Гулистон туманидаги “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи ишсиз аҳоли, хусусан, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган банд бўлмаган ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида “Нурли йўл” сув истеъмолчилари уюшмаси фермер хўжаликларининг бўшаб қолган ғалла майдонларини кўздан кечирди ва ер сўраб мурожаат қилганлар билан учрашди.
Учрашувда Ж.Ғойибов ғалладан бўшаган ер майдонларини такрорий экин экишга тайёрлаш, такрорий муддатда экиладиган экин турлари, уларни парваришлаш, мавжуд имкониятлардан оқилона ва омилкорлик билан фойдаланиб, даромад топиш тўғрисида тавсиялар берди.
Шу куннинг ўзида “Бирлашган” МФЙда яшовчи банд бўлмаган фуқароларга ғалладан бўшаган 14 гектар ер майдони эҳтиёжига қараб 30 сотихдан 50 сотихгача ўлчамда экин майдонлари такрорий экин экиш учун берилди.
Бундан ташқари, Гулистон туман прокурори, 2-сектор раҳбари Б.Бердиев сектор худудига қарашли "Фурқат", “Олтин водий” ва “Шарқ хақиқати” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар билан учрашиб, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида деҳқончилик билан шуғулланиш ниятини билдирган ёшларга такрорий экин учун мўлжалланган ер майдонидан маълум қисмини ажратиб бериш мақсадида “Уч қаҳрамон" СИУдаги буғдойдан бўшаган майдонга олиб келди.
“Уч қаҳрамон” СИУ ҳудудидаги фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин экиб, даромадларини оширишлари учун 40 сотихдан ер ажратиб берилди ва ёшларга шу ерга вақтинчалик эгалик тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
Шу ўринда тумандаги тажрибали деҳқон ва фермерлар ғалладан бўшаган ерларни парваришлаш билан боғлиқ ишлар, жумладан, ерни керакли минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ўғитлаш, экин турига қараб ўз вақтида суғориш, унга уруғлик қадаш, чопиш юмшатиш ва умуман барча зарур агротехник тартиблари ҳақида ёш деҳқонларга ўз тавсияларини берди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Сирдарё вилоятидаги барча туманларда ғалладан бўшаган экин майдонлари иккинчи ҳосил олиш учун кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” га киритилган оилаларга берилмоқда.
А.Қаюмов,
Ф.Тошматов (сурат), ЎзА