Камбағалликдан чиқиш ва унинг олдини олишнинг энг мақбул усули
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида соҳа иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида тараққий этиб, янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Давлат раҳбари лавозимига киришиш маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида, янги тараққиёт стратегияси ҳақида сўз юритар экан, қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари даромадини 2 баробар кўпайтириш учун зарур шароитларни яратиш асосий вазифа этиб белгиланганини алоҳида таъкидлаганди. Жиззах вилояти Фориш туманида ҳам бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни юртбошимиз раислигида мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида томорқа хўжаликларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Мазкур йўналишни такомиллаштириш мақсадида 23 ноябрь куни Президентимизнинг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда келгуси йили пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши белгиланган.

Шунингдек, томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришга кўмаклашиш учун келгуси йилда 100 миллион АҚШ доллари йўналтириш режалаштирилган. Бу маблағ оилавий тадбиркорлик дастури асосида, имтиёзли шартларда берилади.
Жумладан, деҳқон ва фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи бошқа корхоналарга ер майдонида кичик интенсив боғдорчилик ва узумчиликка 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилдан кўп бўлмаган муддатга, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчиликка 6 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача муддатга кредитлар ажратилади.

Бу қишлоқда яшовчилар учун катта имконият, албатта. Уларнинг ҳаёти, яшаш даражаси, даромадини оширишга хизмат қилади. Одамларда бўш ер майдонларидан унумли фойдаланиш, кичик томорқадан ҳам яхшигина даромад олиш кўникмасини шакллантиради.
Бугунги кунда туманимиз аҳли ҳам 2 минг 68 гектар ўз томорқаларида деҳқончилик қилади. Улар орасида томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиб, яхшигина даромад қилаётганлар ҳам бор.
“Сув йўқ, эккан билан қуриб қолади”, деб томорқани ўз ҳолига ташлаб қўйганлар ҳам йўқ эмас. Тумандаги “Учма” маҳалласи аҳолиси томорқага тўқсонбости усулида экинларини экиб, ҳар йили эрта кўклам пиёз ва саримсоқпиёздан яхшигина даромад олаётгани ҳам бор ҳақиқат. Ёки тумандаги “Оқтепа”, “Сайёд” маҳаллалари аҳолисини томорқада узум етиштириш бўйича нафақат туманда балки республикамизда ҳам яхши билишади. Бу маҳаллалар аҳолиси етиштираётган “маска”, “қора кишмиш”, “сайви” каби узумлар ва қора кишмишдан тайёрланган сояки майизларнинг тенги йўқ. Жорий йилда аҳоли томорқасида узумчиликни ривожлантириш учун 370 гектар ерда янги токзорлар барпо этиш белгиланган.

Хонадон томорқаларидан фойдаланишнинг яна бир самарали усули иссиқхоналар ташкил этиш. Бу орқали ҳам яхшигина даромад ҳам йилига 2-3 марта ҳосил олиш мумкин. Ҳатто, оила аъзолардан ташқари қўшимча бир неча кишини иш билан таъминлаш имконияти ҳам туғилади.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда фойдаланилмаётган, ҳозирги кунда туман захирасида бўлган ер майдонлари танлаб олиниб, 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган 642 та лойиҳа ишлаб чиқилди.
Тумандаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ишсиз фуқаролар ушбу лойиҳада қатнашиб, ер майдонига эълон қилинган танловда ғолиб чиқишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.
Қарор талабларидан келиб чиқиб ер майдонлари сув чиқариш имконияти бўлган, деҳқончилик билан шуғулланиш мумкин бўлган қишлоқ жойларида аҳоли пунктларига яқин бўлган ҳудудлардан танланди ва тўлиқ ер хариталари ишлаб чиқилди.
Танланган ер майдонлари “Гараша”, “Қораабдол ота”, “Мустақиллик”, “Нарвон”, “Яссикечув” ва “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги жами 38 та контурда жойлашган 430 гектар лалмикор ҳамда 53 гектар сувли ер майдонларидан деҳқон хўжалиги юритиш учун танланди.
Мамлакатимизда ҳар бир ислоҳот, аввало инсон манфаатлари, унинг яхши яшаши, фаровон ҳаёт кечиришига қаратилгани ана шундай мисолларда ўз аксини топмоқда. Буни барчамиз ҳаётимизда сезиб, ҳис қилиб турибмиз.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, аҳолига томорқаларидан даромад олишга кўмаклашиш замирида ҳам кам таъминланган, муҳтож оилаларга доимий даромад манбаини беришдан иборат бўлиб, бу эса камбағалликдан чиқиш, ушбу даражага тушиб қолишнинг олдини олиш учун энг мақбул ечимдир.
Комилжон Каримов,
Фориш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув
хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.
ЎзА