Қарор ва ижро
Тошкент вилояти маҳаллаларида камбағалликни қисқартириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадини ошириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Айниқса, жойларда масъул раҳбарларнинг ўрганишлари, “Маҳалла еттилиги” фаолияти бошлаганидан сўнг бу борадаги ишлар анча жадаллашди. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, 2024 йилда бандлик дастури бўйича белгиланган режалар бажарилган. Ишсизлик даражаси вилоят бўйича 5,1 фоизни ташкил этди. Аммо, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон ва Бекобод туманларида бу кўрсаткич юқорилигича қолмоқда. Айниқса, “Камбағалликдан – фаровонлик сари” давлат дастури бўйича 7 та йўналишда 39,1 минг нафар аҳолининг даромади тикланиб, камбағаллик даражаси туширилди.
Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 9 январидаги “2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Ўрта Чирчиқ туманида ҳам ўтган йил 31 минг 667 нафар аҳоли доимий, мавсумий ва вақтинчалик иш билан таъминланди. Масалан, бу тумандаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мафтуна Деҳқонбоева “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эди. Унга “Маҳалла еттилиги” тавсияси билан иккита тикув машина субсидия асосида берилди. У ўзи каби уйда ўтирган ишсиз аёлларни жалб қилган ҳолда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб, катталар ва болалар учун мавсумий кийимлар тикмоқда. Айни кунларда улар ўз маҳсулотларини вилоятдаги 7 тадан зиёд маҳаллий бозорларга етказиб бериб, яхши даромад кўрмоқда.
– Айрим сабабларга кўра, турмушимдан ажрашдим ва икки нафар фарзандимни ўзимни боқишимга тўғри келяпти, – дейди М.Деҳқонбоева. – Тикувчиликни онамдан ўрганганман. Маҳалламиз еттилиги шароитимни яхшилашга ёрдам берди. Ҳозир ишимиз юришиб кетган. Ойига 9 минг донагача турли андозадаги кийимлар тайёрлаш имконига эгамиз. Маҳсулотларимиз арзон, харидорлар ҳам кўпаймоқда.
Робия Раҳимова “Ким Пен Хва” МФЙда яшайди. 2021 йилда у IELTS халқаро даражасидан 6,5 балл олиб, Тошкент шаҳридаги Вебстер университети талабаси бўлди. Ўшандан бошлаб у ҳудуддаги болаларга хонадонида инглиз тилидан машғулот ўтади. Бу орқали у топаётган даромадини оиласи, ўқиши ва фаолиятини кенгайтиришга сарфламоқда. Маҳалладаги ёшлар етакчисининг тавсияси билан бу ҳаракатчан қизга субсидия асосида компьютер жамламаси берилди.
– Ҳозирда нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам ўқувчилар мактабдан ташқари қўшимча ўқув курсларида шуғулланишга интилади. Бироқ ҳамма ҳам марказлардаги нуфузли муассасаларга қатнаб, билим ололмайди. Шу туфайли биз ўз маҳалламизда болаларга инглиз тили курсларини очдик. Беш нафар ўқувчимиз B2 сертификатини қўлга киритган. Улар орасида олийгоҳ талабалари ҳам бор. Келгусида фаолиятимизни кенгайтиришни мақсад қилдим, – дейди Робия Раҳимова.
Жорий йил якунигача ҳудудда камбағал оилаларни камайтириш чоралари кўрилади. Биринчи галда уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш орқали таклиф ва истаклари инобатга олинади, 5 минг 625 та хизматлар пакети шакллантирилади. Хусусан, бу тоифадаги аҳолининг 2 минг 250 нафари иш билан таъминланади, 281 нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади, 1 минг 856 нафарига кафолатланган тиббий хизмат ҳамда 1 минг 238 нафарига эса бошқа турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади.
Вилоят миқёсида эса 612 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш, 25,3 мингта оиладаги 115,7 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича туман-шаҳарлар раҳбарлари масъуллигида режалар ишлаб чиқилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xw9qtMKLBEw" title="Qaror va ijro: Kambag‘allikdan – farovonlik sari” davlat dasturi amalda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, А. Алижонов (сурат, видео), ЎзА.