Камбағалликни қандай камайтирса бўлади?
Фарғона вилоятида ҳам камбағаллик тоифасига кирувчи оилалар ва фуқароларни аниқлаш, уларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш мақсадида ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида камбағалликни камайтириш, фуқароларда тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қудрати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш борасида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан амалий ишлар бошланди.
Фарғона вилоятида ҳам камбағаллик тоифасига кирувчи оилалар ва фуқароларни аниқлаш, уларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш мақсадида ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
НАФАҚА БЕРИШ БИЛАН КАМБАҒАЛЛИКНИ КАМАЙТИРИБ БЎЛМАЙДИ
Фарғона туманидаги “Шоҳимардонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мухлиса Ҳошимова икки нафар фарзанднинг онаси, ишсиз. Турмуш ўртоғи вафот этганига етти йил бўлибди. Турмушга узатган қизи чақалоғи билан ота уйига қайтиб келган.
Ўғли Муҳаммаджон биринчи гуруҳ ногирони, 683 минг сўм нафақа олади. Оиланинг ўн сотих томорқа экин майдони бор. Аммо ундан унумли фойдаланиляпти, деб бўлмайди. Экин майдони чопилмаган, кўчатлар буталаб, тозаланмай турибди. Ишчи гуруҳ аъзолари бу хонадон вакиллари билан учрашиб, оила бекасини ҳақ тўланадиган жамоат ишига таклиф этди. Шунингдек, томорқа экин майдонидан унумли фойдаланиш учун уруғлик, кўчатлар етказиб бериш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Гап оила аъзоларининг ҳафсаласида қолган.
Тўрт нафар фарзанднинг онаси Дилфуза Усмонованинг ҳам 8 сотих томорқаси бор. Оиланинг умумий даромад манбаи – шу томорқа. Лекин бу майдонга ҳеч нарса экилгани йўқ. Ишчи гуруҳ аъзолари оила турмуш фаровонлигини яхшилаш чоралари, имкониятлари, томорқадан фойдаланиш ресурсларининг мавжудлиги, чорва ва парранда боқиш учун мавжуд шароит, кредит маблағига бўлган эҳтиёжи, касб-ҳунарга қизиқиши хусусида суҳбатлашди. Сендан ҳаракат, мендан баракат, деган ҳикмат маъноси тушунтирилди.
БОҚИМАНДАЛИК КАСБМИ?
“Бўстонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Камолиддин Орзубоев тоғни урса талқон қиладиган йигитлардан. Аммо у кекса отасининг нафақасига кўз тикиб, боқиманда бўлиб ўтирибди. Турмуш ўртоғи уч нафар фарзандини уйда қолдириб, Россияга ишлагани кетган. Хонадондаги ҳайхотдек томорқа қаровсиз. Ҳолбуки, бу экин майдонидан самарали фойдаланиш, чорва, парранда боқиш учун шароит бор. Ишчи гуруҳ аъзолари оила бошлиғига иш, торморқадан фойдаланиш билан боғлиқ бир неча таклифларни билдирди. Камолиддин эса бунга рўйхуш бермай, “ўйлаб кўриш” кераклигини айтди.
Жўрабой Темиров уч фарзанднинг отаси. Россияга иш излаб кетганига бир йил бўлибди. Турмуш ўртоғи Латофатнинг айтишича, ҳалигача бир сўм ҳам жўнатгани йўқ. Ишчи гуруҳ бу оиладаги мавжуд имкониятларни атрофлича ўрганди. Эътиборли жиҳати, хонадон томорқасидаги мавжуд имкониятдан унумли фойдаланилса, ўзга юртга иш излаб боришга ҳожат йўқ. Оила бекаси ориятли, шижоатли аёл экан. Фарзандларини камолга етказиш учун астойдил ҳаракатга тушган. Экин майдони учун уруғ ҳозирлаб қўйибди. Айни кунда кичик иссиқхонада лимонария ташкил этишни мақсад қилган.
– Дастлабки куннинг ўзида камбағаллик тоифасига кирувчи 98 та оила билан юзма-юз учрашиб, амалий мулоқотлар ўтказилди, – дейди камбағалликни қисқартириш, ресурс манбаларни аниқлаш бўйича хонадонларга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ аъзоси, вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи Юсуфжон Ҳусаинов. – Бироқ айрим инсонлар ҳали ҳам боқимандалик кайфиятидан қутила олмаётгани ачинарли. Ваҳоланки, уларнинг яхши яшаши учун керакли барча шароит бор. Фақат озгина меҳнат, изланиш, интилиш бўлса, бас. Ахир “Олма пиш, оғзимга туш” деган билан иш битмайди-ку! Шу боис ҳар бир оила билан ишлашда у ердаги мавжуд ҳолат, имкониятларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, амалий таклифлар жамлаб борилмоқда.
Вилоятда яратилган тизимга кўра, камбағал оилалар аниқлангач, уларни касбга ўқитадиган, иш жойи билан таъминлайдиган, моддий кўмак берадиган босқичга ўтилади.