Камбағалликдан чиқишнинг чораси – меҳнат
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Учқўрғон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганди.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Учқўрғон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганди.
Вилоят раҳбари дастлаб пандемия карантини даврида туманнинг «Деҳқонобод» маҳалласида кичик иссиқхоналар мажмуасини барпо этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси билан қизиқди.
Ўтган давр мобайнида «Фаровон томорқа хизмати» ва «Агроинтенсив томорқа» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ўн бир гектар майдонда 71 та 4 сотихли ва 60 та 8 сотихли иссиқхона барпо этилди. Айни пайтда деҳқончиликка шай қилиб қўйилган иссиқхоналар эгаларига мавсум бошланиши билан томорқа хизматлари томонидан помидор, бодринг, қулупнай каби серхаридор мева-сабзавотлар кўчатлари етказиб берилади. Эътиборли томони иссиқхона эгалари етиштирган маҳсулотларини сотиш учун харидор излаб, бозор кезиб, ортиқча вақт йўқотиб юрмайди. Тайёр маҳсулотлар томорқа хизматлари томонидан шартнома асосида сотиб олинади.

– Бир гектар майдонда замонавий иситиш тизимидаги иссиқхона ташкил этиб, 130 дан ортиқ кичик иссиқхоналар учун экспортбоп кўчатлар кўпайтириш, тўрт гектар очиқ майдонда қулупнай етиштириш ва шу орқали 50 та иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда, – дейди «Фаровон томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари М.Темирова.
Х.Бозоров «Деҳқонобод» маҳалласидан кам таъминланганлар тоифасига киритилган 23 та оилага мазкур иссиқхоналардан икки сотихдан ажратиб, оилавий бандликни таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.
– Кишининг камбағаллигига сабаб бўладиган асосий иллатлардан бири унинг дангасалигидир, – дейди Х.Бозоров. – Шундай оилалар ҳам борки, қишлоқда яшасада, «ер шўрлаган, томорқа қумлоқ ёки сув тақчил», деган баҳона билан рўзғорига кундалик резаворларни бозордан ташийди. Аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигига йўналтирилган ушбу муҳим лойиҳаларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилиши мумкин эмас.
Учқўрғон вилоят қишлоқ хўжалигида етакчи туманлардан ҳисобланади. Айни пайтда фермер хўжаликларида ғўза парвариши бўйича агротехник тадбирлар авж паллада давом эттирилмоқда. Вилоят раҳбари «Қўғайлик Эна», «Бўстон келажаги Беҳруз», «Санжарбек Ширин Жасур», «Бўстон келажаги умиди», «Сарвар», «Турон – 2018», «Янгиер келажаги неъмати», «Соҳил толаси», «Ортиқмирза Ҳошимжон», «Олтинбува Ортиғмирза» каби бир қатор фермер хўжаликларида бу борада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилди. Ўтган мавсумда режа кўрсаткичларини бажаролмаган, қолоқликка йўл қўйган хўжалик раҳбарлари фаолияти самарасини ошириш бўйича мутасаддилар олдига вазифалар қўйилди.
Фермерлар билан мулоқотда таъкидландики, мамлакатимизда фермерлик ҳаракати қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчисига ҳамда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланган.

Аммо ерга, меҳнатга муносабатни тубдан ўзгартириш, ер билан ишлаш ва деҳқончилик маданиятини юксалтириш, пайкал ва далаларда мўл-кўл ҳосил олиш, аграр секторни барқарорлаштириш йўлида бир зум ҳам бепарволикка, хўжасизликка йўл қўйиб бўлмайди.
Чўл ва адирликлар, тошлоқ ва сувсиз даштларни ҳам ўзлаштириб обод қилиш жараёни кечаётган бир паллада жаннатмонанд заминимизда астойдил меҳнат қилиб, зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида, оби-тобида бажариш, қулай об-ҳаводан самарали фойдаланган ҳолда келгуси долзарб 45 кун давомида ҳам зараркунандаларга қарши кескин курашиш, ерга ишлов бериш, ҳосилдорликни 40-45 центнерга етказиш зарур ва шарт.
Учқўрғонда иқтисодиётни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1-сектор ҳудудида умумий қиймати 231,3 миллиард сўмлик жами 48 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ташаббускорлар сармояси, банк кредити, хорижий кредит линиялари ва хорижий инвестициялар йўналтирилган мазкур лойиҳалар асосида 1 минг 600 дан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган. 4-сектор ҳудудида эса 34,6 миллиард сўмлик 11 та лойиҳага кўра, 200 нафарга яқин киши иш билан таъминланиши мўлжалланмоқда.