Камакши Васон: Нарендра Модининг Тошкентга ташрифи – Ҳиндистон ва Ўзбекистон муносабатлари тарихида муҳим лаҳза
Шу кунларда мамлакатимиз тарихида муҳим сиёсий воқеликлар, қизғин сиёсий жараёнлар содир бўлмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами кўтаринки кайфиятда ўтаётган бир вақтда Ҳиндистон Республикаси Бош вазир Нарендра Модининг мамлакатимизга ташрифи ҳам муҳим аҳамият касб этди. Мазкур воқеа ҳақида маҳаллий ва халқаро экспертлар ижобий фикр, мулоҳаза билдирмоқда.
Хусусан, Ҳиндистоннинг “Global COO & Executive” дастурлари ижрочи директори Камакши Васон хоним шундай деди:
– Фикримча, Бош вазир Нарендра Модининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат муносабатлари ривожланиши жараёнида жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу воқеа шунчаки анъанавий дипломатия тадбири эмас. Биз гувоҳи бўлаётган ҳодиса – уч ўзаро боғлиқ жиҳат бўйича муносабат мустаҳкамланиши: стратегик ҳамкорлик, иқтисодий шериклик ва одамлар ўртасидаги алоқалар. Айниқса кенг қамровли стратегик шериклик даражасига эришганимиз эътирофга лойиқ.
2030 йилга келиб ўзаро савдо қийматини 5 миллиард долларга етказиш, мудофаа ва хавфсизлик, энергетика, уран, муҳим минераллар, фармацевтика, рақамли инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича улкан мақсад белгилаб олинди. Яна бир жозибали жиҳат умумий саъй-ҳаракат инсон омилига йўналтирилгани ва маданий соҳага алоҳида эътибор қаратилиши билан боғлиқ. Ўзбекистон Ҳиндистон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз саёҳат жорий этиш тўғрисидаги қарори туризм, тижорат алмашинуви, академик мобиллик ва оддий одамлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкон яратади.
Ташрифга оид маданий рамзийлик жуда муҳим. Бош вазир Модининг Йога дастурида иштирок этиши, Янги Ўзбекистон ёдгорлигига ташрифи ва собиқ Бош вазир Лаъл Баҳодур Шастрига эҳтиром ўзига хос дипломатик аҳамият касб этади. Катак, Болливуд куйи, ҳинд ва ўзбек мусиқий анъаналари намойиши икки жамият уйғун маданий яқинлигини ифодалайди. Шунингдек, тил ва таълимга диққат ҳам муҳим. Ўзбек талабалари ҳинд тилини ўрганиши учун 100 стипендия таклиф қилиниши, ТДШУда ICCR Санскрит кафедраси очилиши узоқ муддатли маданий дипломатиянинг ёрқин далилидир.
Тил шунчаки алоқа эмас, балки тарихий хотира, адабиёт, интеллектуал анъана ва маданий тушунчани узатиш воситасидир. Ўзбекистонда ўнлаб йил давомида ҳинд тили ўргатилгани мазкур ташаббусга алоҳида мазмун бахш этади.
Хуллас, Бош вазир Нарендра Модининг Тошкентга ташрифи Ҳиндистон ва Марказий Осиё алоқаларини чуқурлаштириш учун дадил геосиёсий қадам ўлароқ, хавфсизлик, савдо, энергетика, технология, таълим ва маданиятни қамраб олган кўп қиррали шериклик ўрнатишга уринишдир.
Муваффақиятли дипломатия фақат ҳукуматлар ўртасида имзоланган келишувлар сони билан ўлчанмайди. Айни жараёнда жамиятлар ўзаро алоқани мустаҳкамлаши, бир-бирини янада яқин билиши, чуқурроқ англаши ҳам зарур. Демак, Ҳиндистон – Ўзбекистон стратегик шериклигига яна бир мустаҳкам пойдевор қўйилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА