Сўнгги йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш кун тартибидаги асосий масалалар қаторида турибди. Ва ҳали бери тушмаса ҳам керак. Аҳоли томорқаси эса бунда муҳим аҳамият касб этади.
Тупроқ ва иқлим шароитимиз ҳам бир йилда сабзавот ва бошқа экинлардан уч мартагача ҳосил олиш имконини беради ва бу бир неча марта синовдан ўтказилган.
Маълумотларга кўра 1 сотих ерда 300-350 килограмм помидор, 250-300 килограмм бодринг, 600-650 килограмм пиёз, 400-450 килограмм сабзи етиштириш мумкин. Бошқача айтганда, тер тўкиб меҳнат қилинса, бир қарич ердан 2 кило картошка ёки 2 кило пиёз ёки 2 кило сабзи олиш мумкин.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва жамғарма вакиллари иштирокида Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида ўтказилган аҳоли томорқаларини шудгорлаш ва экин экиш ишларини ташкил этиш мавзусидаги семинарда бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қисқа муддатда 194 хонадонни ўрганди, шундан 11 тасига тегишли бўлган 0,71 гектар томорқа майдони шудгорлаб берилди.
– Биз “Ўртаовул” маҳалласи ҳудудидаги хонадонларнинг дарахтларини буташ, оқлаш ва томорқаларга кирувчи суғориш ариқларини тозалашда кўмак беряпмиз, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ходими Фазлиддин Ҳамраев. – Шунингдек, шу маҳаллада яшовчи томорқасидан самарасиз фойдаланаётган 32 нафар ер эгасини огоҳлантирдик. Шунингдек, Фахриддин Каримовнинг 10 сотих, Марварид Яхшиликованинг 9 сотих, Мухтор Жулибоевнинг 8,3 сотих ва Беҳзод Эртаевнинг 7,8 сотих томорқасида шудгорлаш ишлари бажарилди.
Семинарда кам таъминланган ва қаровчиси йўқ оилаларга илғор фермерлар бириктирилиб, уларга томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлаш бўйича ёрдам беришга келишиб олинди.
ЎзА