
Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари архив хоналарида 600 мингга яқин кадастр йиғмажилд ҳужжати сақланмоқда. Уларнинг 451 минг 154 таси турар-жой объектлари, 44 минг 549 таси нотурар жой, 51 минг 201 таси квартира ва 51 минг 79 таси объектларга тегишли бўш ер майдони, 1 минг 873 таси кўп қаватли уйларга тегишли ҳужжатлардир.
Вилоятдаги кўчмас мулклар ва ер майдонларининг ўтмиши ҳамда бугуни акс этган архивлар кадастр соҳасининг тарихини ўзида жамлаган. Кейинги йилларда кўчмас мулклар шу жумладан, аҳолининг турар-жойлари, томорқа ерлари ва бўш майдонларнинг аниқ ҳисоб-китобини юритишга эътибор кучайтирилиб, масъулият оширилгани, ерларни ноқонуний ўзлаштиришларга чек қўйиш юзасидан назорат кучайтирилгани архивларни ҳам замонавий усулда такомиллаштиришни талаб этмоқда. Ўтган йил Давлат кадастрлари палатасида “Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишни йўлга қўйиш йили”, деб эълон қилингани ҳам бунга яққол далилдир.
Мазкур ташаббус доирасида Давлат кадастрлари палатасининг Сурхондарё вилоятидаги идоравий архивларида сақланаётган архив ҳужжатларининг мавжудлик ҳолати чуқур ўрганилиб, рақамлаштирилмоқда.

– Кадастр соҳасида архив ҳужжатларидан фойдаланиш хизматларини кўрсатишнинг асоси ҳисобланади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси архив иши назорати бош мутахассиси Жумагул Бозорова. – Бунинг боиси келиб тушаётган ҳар бир сўровнинг ижросини таъминлашда айнан кадастр йиғмажилдига мурожаат этилади. Ўтган йили вилоятда 40 минг 850 дан ортиқ архив ҳужжати рақамлаштирилиб, 54 минг 777 та ҳужжат тартибга келтирилди. Мазкур жараёнда ҳар бир кадастр йиғма жилди рақамланиб, муҳрланди ва сканер қилинган ҳужжатлар “Next Sloud” электрон тизимига юкланиб, барча ўрганилган ҳужжатларга намуна иловасига мувофиқ тўлиқ маълумот киритилиб, электрон кўринишда сақлаш йўлга қўйилди. Шу пайтгача кадастр ҳужжатлари кўча ёки маҳалла кесимида жойлаштирилган бўлса, эндиликда қидирув тизими жорий этилиб, бунда жавонлар рақами, токча ва ҳужжатлар рақами асосида излаш жорий қилинди. Бу усул ҳужжатларни топиш ҳаракатларини жуда тезлаштирди.
Мутахассисларнинг айтишича, ахборот технологиялари ривожланган рақамлаштириш даврида қоғоз билан ишлаш кимгадир андак эриш туюлиши, яна кимдир қоғозларни титкилашга эриниши ҳам мумкин. Лекин, шундай ҳужжатлар борки, уларнинг асл нусхасини сифатли сақлаб қолиш жуда муҳим вазифа саналади. Бу ишларни самарали ташкил этиш учун “Намунали архив” лойиҳаси доирасида бошқарманинг Термиз, Бандихон ва Олтинсой тумани филиалларининг идоравий архивлари замонавий усулда жиҳозланиб, ҳужжатларни ишончли сақлашга барча қулайлик яратилди.
– Жумладан, архив хонасига мобил стеллажлар, ёнғиндан хабарлаш учун тутунга ишлайдиган сигнализаторлар, ўт ўчириш воситалари, видео кузатув камералари, намликни ва ҳароратни электрон ўлчаш воситалари жойлаштирилди, – дея суҳбатни давом эттиради Жумагул Бозорова. – Қоғозларнинг тўғри сақланиши ва сифати бузилмаслиги учун махсус вентиляция тизими ўрнатилди. Бегона шахсларнинг киришини чеклаш ва хавфсизлик нуқтаи-назаридан архив хонасига бармоқ изи ва юзни таниш тизими (Fase-ID) орқали кириш йўлга қўйилди.
Тизимдаги “Намунали архив” лойиҳаси ёнғин хавфсизлигига кучли эътибор қаратгани билан ҳам аҳамиятли бўлди. Шу мақсадда замонавий усулда жиҳозланган архивларга олов ўтказмайдиган темир жавонлар ўрнатилгани ёнғинга чидамлиликни оширди. Кутилмаганда ёнғин содир бўлса ҳужжатларни бошқа жойга тезлик билан кўчириш имкониятини юзага келтирди. Шунингдек, йиғилувчан бу жавонлар архив хоналарида 30-35 фоизгача қўшимча жой яратади. Тизимнинг архив йўналишида юз бераётган бундай ўзгаришлар нафақат, ҳужжатларнинг хавфсиз сақланишини, балки фуқароларнинг уй-жой ва ер мулкларига оид маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Айни пайтда вилоятда хайрли ташаббус давом эттирилиб, бошқарманинг Термиз шаҳар филиалида ҳам “Намунавий идоравий архив” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Келгусида Давлат кадастрлари палатасининг вилоятдаги барча архивлари лойиҳа доирасида тўлиқ қайта жиҳозланади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири