Маълумки, мамлакатимизда сўнги йилларда қурилиш, янгиланиш ва ободонлаштириш ишлари тобора кенгайиб бормоқда. Бунинг натижасида кадастр хизматларига бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда.
Энди фуқаролар кадастр хизматларидан фойдаланиш учун туманлардаги марказларга бориб овора бўлиб вақтини ва нақтини сарфлашга ҳожат йўқ. Сабаби, уйда ўтирган ҳолда ҳам my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланиш имконияти яратилган.
Давлат кадастрлари палатаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда 40 дан ортиқ турдаги кадастр хизмати кўрсатилади. Шундан 17 таси Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Хусусан, кадастр паспортини шакллантириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, турар жойнинг майдони бўйича маълумотнома олиш, кўчмас мулк тарихи ҳақида маълумот бериш, ижара ва ипотека шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, кўчмас мулкни бўлиш ёки бирлаштириш, манзил бериш ёки ўзгартириш каби хизматлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, кўп йиллик дов-дарахтларга кадастр паспортини расмийлаштириш, кадастр муҳандисига малака шаҳодатномаси бериш, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини (сервитут) рўйхатдан ўтказиш ҳам амалга оширилади.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида фуқароларга жами 2 миллион 890 минг 782 та хизмат кўрсатилган. Шулардан, 2 миллион 22 минг 878 таси ижобий якунланган. 107 минг 683 та буюртма ижро жараёнида, 760 минг 221 та ариза эса турли сабабларга кўра рад этилган.
Энг кўп аризалар кадастр паспортини шакллантириш хизмати бўйича келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич 1 миллион 186 минг 503 тани ташкил этди.
Давлат кадастрлари палатаси мутасаддиларининг таъкидлашича, фуқаролар ариза бериш жараёнида зарур ҳужжатларни тўғри расмийлаштирса, рад этилиш ҳолатлари кескин камаяди.
Кадастр палата раҳбарияти томонидан аризаларнинг асоссиз рад этилиши ҳолатларига барҳам бериш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш бўйича ўқув семинарлари ташкил этилди. Асоссиз рад жавоблари учун 900 нафарга яқин ходимга интизомий чоралар қўлланди.
Шунингдек, марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларда кунлик мониторинг штаблари фаолият юритмоқда. “Асоссиз радни кескин камайтириш” дастури асосида мурожаатларни таҳлил қилиш ва сабабларни бартараф этиш ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Аҳоли мурожаатларини тезкор ва шаффоф ҳал этиш кадастр тизимининг асосий мақсади ҳисобланади. Бугун соҳадаги барча хизматлар рақамлаштирилган. Бу эса жараёнларни очиқ, шаффоф ва қулай қилиб, фуқароларга замонавий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.
Ҳар бир янгилик инсон ва унинг манфаатларига қаратилган. Шубҳасиз, кадастр — хонадон тарихи ва келажагини боғловчи кўприкдир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА