Кадастр ходими пора олмаган – Кадастр агентлиги
Интернет тармоқларида “1000 АҚШ доллар эвазига кадастр ҳужжатини расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахслар ушланди” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди.
Кадастр агентлиги бу хабарга расмий муносабат билдириб, аниқлик киритган. Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 апрель куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилояти бошқармаси Олтиариқ тумани бўлими томонидан ноқонуний ер олди-сотдиси бўйича ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро ер майдони эгасига кадастрдаги танишлари орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, нотурар жойни турар-жой тоифасига ўтказиш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Тадбир давом эттирилган ва фуқаро кадастр туман филиали раҳбари Х.Х.га йўналтирилган. Ўз ўрнида Х.Х. томонидан фуқаронинг таклифи рад этилган ва пора сифатида таклиф этилган пуллар олинмаган. Шундан сўнг, фуқаро Х.Х. туман прокуратурасига олиб келинган ва суриштирув натижасида юқоридаги ҳолатга алоқаси йўқ деб топилиб қўйиб юборилган.
Янгиланаётган Конституцияда ҳам айбсизлик презумпциясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 26-моддага биноан “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминланади.”
Ш.Маматуропова, ЎзА