Бугунги кунга келиб халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли мурожаатларини ўз муддатида ҳал этиш, мурожаатчининг оғирини енгил қилиш масъул ташкилот раҳбарларининг асосий вазифаларидан бирига айланиб бормоқда.
“Кадастр халқ орасида” шиори билан фаолият юритаётган Қашқадарё вилоят кадастр ташкилоти аҳолининг кадастрга оид мурожаатларини жойига чиқиб ўрганиш, уни ваколат доирасида ҳал этиш мақсадида вилоятнинг барча туманларида сайёр қабуллар ўтказиб келмоқда.
Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғининг навбатдаги сайёр қабулида ҳам фуқаро ва тадбиркорларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастрга оид бошқа мурожаатларига эътибор қаратилди.
Сайёр қабулда жами 15 га яқин мурожаатчи фуқароларнинг муаммолари кўриб чиқилиб, ваколат доирасидаги мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Шу куни мурожаатларнинг аксарияти Шаҳрисабз шаҳрининг ўзида ҳал этилди. Хусусан сайёр қабулга кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган Гўзал Хидированинг мурожаати ҳам сайёр қабул якунига қадар кадастр ходимлари томонидан ҳал этиб берилди.
– Бугунги сайёр қабулда мурожаатим эътиборсиз қолмади, – дейди Г.Хидирова. – Уй-жойимни кадастр ҳужжатини расмийлаштириш бўйича мурожаат қилдим. Сайёр қабул якунигача ҳал этиб берилишини эшитганимда хурсанд бўлдим.
Бундан ташқари тадбиркорлик учун ер сўраб мурожаат қилган фуқароларга аукционда иштирок этиш йўналишлари тушунтирилиб, ўрганиш талаб этиладиган муаммолар бошқарма бошлиғининг назоратига олинадиган бўлди.
Вилоят кадастр ташкилоти йил якунига қадар бу каби сайёр қабулларни Қашқадарё вилоятининг барча туманларида ўтказишни режалаштирган.
Ўлмас Баротов, ЎзА