Кадастр тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш ва комплаенс назорат тизими жорий этилди. Мазкур хизмат ўз фаолиятини бошлаган даврдан бошлаб тизимда самарали ишлар йўлга қўйилди ва 2021 йилга нисбатан коррупцион ҳолатлар камайди.
Хусусан, ходимларнинг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга қарши бошқа қонун бузарликлар билан боғлиқ масалалар тўғрисида келиб тушган мурожаатларнинг сони – 11 тани ташкил этди. Ушбу маълумотлар Бўстонлиқ, Қибрай, Пискент, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари, Ангрен, Оҳангарон, Олмалиқ, Янгийўл ва Нурафшон шаҳарлари филиалларида ишловчи ходимларга нисбатан олинган.
Мазкур мурожаатлардан 5 таси тасдиғини топмаган ёки рад этилган, 6 таси юзасидан интизомий жазо чораси қўлланилган, жиноят иши ва маъмурий иш қўзғатилган мурожаатлар йўқ. Бундан ташқари, бошқармаларда меҳнат қилаётган 700 нафардан зиёд ходимлар орасида коррупцион хавф-хатарларни минималлаштириш мақсадида Агентлик ва Палатанинг Тошкент вилояти бошқармаси раҳбарлари, бўлим-филиал раҳбарлари ва тизим ходимлари доимий равишда тарғибот-ташвиқот ва якка тартибдаги профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг штатлар жадвалларидаги коррупцияга энг кўп мойил бўлган лавозимлар таҳлил этилди. Коррупциявий хавф-хатарлар тоифалар бўйича юқори, ўрта, паст нисбатларга ажратилиб, ҳудудий ва таркибий бўлинмалари кесимида баҳоланди.
Энг юқори хавф хатарлар тоифасига : Кўчмас мулк ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими, туман-шаҳар филиал кадастр муҳандислари, туман-шаҳар топографик ва картографик хариталарини тайёрлаш топографлари, туман-шаҳар филиал архивариуслари, туман-шаҳар бўлимлари бош инспектори, етакчи инспектор лавозимлари киритилиб, алоҳида назоратга олинди.
Давлат харидлари йўналишида бошқармада тузилган 131 та шартномаларда “манфаатлар тўқнашуви”ни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича комплаенс-назорат хизмати томонидан мониторинг ишлари амалга оширилди. Ҳисобот даврида 1 та ҳолат аниқланиб, ўз вақтида бартараф этилди. Шунингдек, бошқармалардаги вакант ўринларни тўлдириш, лавозимдан лавозимга ўтказиш бўйича жами 140 нафар номзодлар бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилди. Йил давомида 288 та ҳолатда ички тартиб ва меҳнат интизомини бузгани учун 234 нафар ходимга ҳайфсан, 54 нафарига нисбатан жарима жазолари қўлланилди. Ишга қабул қилиш жараёнида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича келишувлар имзоланди.
Аниқланган қонунбузарликлар ва уларга таъсир чоралари юзасидан 2022 йил давомида 3 та ҳолатда (2021 йил 4 та ҳолат) Палатанинг Тошкент, Янгийўл туманларида ишловчи 3 нафар ходим пора олиш чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланган. 2022 йил давомида 19 нафар кадастр ходимлари Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган 13 та жиноят иши доирасида гумонланувчи тариқасида жалб қилинди. Шундан 1 нафари оқланди, 1 нафарига нисбатан тергов ҳаракатлари тугатилди, 7 нафари жиноий жавобгарликка тортилди, 2 таси суд жараёнида, 8 тасига нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўрганиш ва таҳлиллар натижасида ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилиши мумкин бўлган асосий йўналишлар аниқланган бўлиб, комплаенс-назорат хизмати томонидан назоратга олинган.
Юлдуз Уралова,
Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси
Ахборот хизмати раҳбари