Миллий матбуот марказида Кадастр агентлиги томонидан Республика аэрогеодезия марказининг 2024 йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 21 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга асосан кадастр соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида Кадастр агентлиги тизим ташкилотларида 10 та, жумладан, Республика аэрогеодезия маркази ва унинг ҳудудлараро бўлинмаларида 5 та олий таълим муассасаларининг кафедра филиаллари фаолияти ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган режа графикда жорий йилнинг 6 ойи давомида 43 минг 700 кв.км майдонни аэросуратга олиш белгилаб берилган. Жорий йил биринчи ярмида 45 минг 620 кв.км майдонда 104 фоизга шундан, Бухоро вилоятида 31 минг кв.км, Жиззах вилоятида 10 минг 512 кв.км, Сирдарё вилоятида 4 минг 108 кв.км майдонда аэросуратга олиш ишлари бажарилди.
[gallery-18446]
Аэросуратлардан биринчи навбатда давлат кадастрларини юритишда, республикамизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилашда, ер ресурсларининг аниқ ҳисобини юритишда, давлат кадастрлари маълумотларини шакллантиришда ва муҳандислик қидирув ишларида кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридан сел сувларини олиб чиқиш учун рақамли модель яратилмоқда.
Шунингдек, 6 ой давомида аэросуратлар асосида Қашқадарё вилоятида 24 минг кв.км, Андижон вилоятида 4 минг 300 кв.км, Навоий вилоятида 4 минг кв.км ва Фарғона вилоятида 3 минг 200 кв.км Наманган вилоятида 2 минг 800 кв.км жами 38 минг 300 кв.км майдонда рақамли ортофотопланлар яратилди.
Яратилган ортофотопланлар мудофаа мақсадларида, фавқулодда вазиятларни баҳолаш, топографик ва қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги хариталарни яратиш ва янгилашда, ҳудудларнинг ўзгаришини картографик мониторингини юритишда, Давлат кадастрлари маълумотларини янгилаш ишлари учун картографик асос ҳисобланади.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА