Кадастр паспорти кўчмас мулк объекти тўғрисидаги умумий маълумотлар ва объектнинг кадастр рақамини ўз ичига олган электрон ҳужжат ҳисобланди. Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида шакллантирилади.
– 2024 йилнинг ўтган даврида Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармасининг ҳудудий филиалларига кадастр паспортини шакллантириш масаласида 22 минг 242 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 13 минг 290 таси ижобий ҳал этилган, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси мутахассиси Сардор Пиримов. – Ижобий жавоб олган фуқароларга ўз вақтида кадастр паспорти расмийлаштириб берилди.
Кадастр паспортини шакллантириш учун сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган манзилда бўлмагани, ваколатли орган томонидан кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилгани сабабли 7 минг 485 та ҳолатда бино-иншоотларга кадастр паспорти расмийлаштирилмаган.
Шу кунга қадар энг кўп кадастр паспорти Бухоро шаҳрида шакллантирилган бўлиб, 4148 тани ташкил қилади. Мос равишда кейинги ўриндаги Бухоро туманида 2053 та, Ғиждувон туманида 1185 та кадастр паспорти шакллантирилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.