Кадастр: назоратга олиш ишлари давом этмоқда
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилоят бошқармасида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил этилди. Унда соҳа ходимлари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан жами 10 минг 56 та мурожаат келиб тушган. Уларни 4 минг 858 таси қаноатлантирилган, 4 минг 731 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 10 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга йўналтирилган ва 457 таси ўрганиш жараёнида.

– Таҳлилларимизга кўра, энг кўп мурожаатлар Бўстонлиқ, Қибрай, Бекобод, Янгийўл ва Тошкент туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бироқ ҳужжатлар айланмаси ва мурожаатларни қабул қилиш электрон тизимга ўтганига қарамай, мурожаатлар билан ишлашда ва улар ижросини таъминлашда қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, мурожаатларнинг ҳалигача қоғоз шаклда қабул қилиниши, асосий мурожаатлар етарлича ўрганилмасдан ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ёпилаётгани ва муддатларнинг қўпол равишда бузилаётгани каби ҳолатлар учрамоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси раҳбари Жасур Ахроров.

Тадбирда Оққўрғон, Бекобод, Пискент, Тошкент туманлари ва Нурафшон, Янгийўл, Бекобод шаҳарларида шу каби камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди. Энг яхши кўрсаткич Ўрта Чирчиқ туманида қайд этилган бўлиб, 383 та мурожаатдан 296 таси қаноатлантирилган.

Мулоқот давомида хато ва камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан чоралар кўрилиши юзасидан қарор қабул қилиниб, мазкур йўналишга масъул бўлган ходимларга Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларини бузмаган ҳолда фаолият олиб боришлари лозимлиги юзасидан қатъий огоҳлантирилди.
А.Мусаев, ЎзА.