Кадастр агентлигига Кенгаш сўрови юборилади
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг бугун ўтказилган ўн иккинчи сессиясида шундай қарорга келинди.
Вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Негматов бошқарган сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги масала муҳокамаси чоғида депутатлар бу гал ваколатли органларнинг Булунғур, Каттақўрғон, Оқдарё, Жомбой, Пайариқ, Нарпай ва Пахтачи туманларидаги 44 та ер участкаси ва бино, иншоотларга бўлган ижара ҳамда мулк ҳуқуқларини эътироф этдилар. Лекин вилоятда эътироф этилиши керак бўлган ер участкалари ва объектлари жуда кўп бўлгани ҳолда бу жараён суст кетаётганини қайд этиб, хатлов ишларини олиб бориш учун қўшимча куч ва воситаларни жалб қилиш зарурлигини таъкидладилар. Шунинг учун ушбу масалада Кадастр агентлигига Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сўровини юбориш ҳамда вилоят ҳокимига таклиф билан чиқишга қарор қилинди.
Бундан аввал, 10 апрель куни ўтказилган сессияда 30 та ер ва мулкка нисбатан ҳуқуқ эътироф этилган эди.
Маълумотларга кўра, кадастр органлари томонидан ўтказилган дастлабки хатлов натижалари Самарқанд вилоятида 400 мингдан ортиқ фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқлари эътироф этилмаганини кўрсатди. Айни пайтда мутахассислар томонидан вилоят бўйича 58 та маҳаллада жами 21 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари хатлов йўли билан техник инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг электрон хариталари яратилган. Вилоят бўйича жами 13089 та объект UZCAD ахборот тизимида электрон йиғмажилд шакллантириш учун миграция қилиниб, улардан 9851 таси фаоллаштирилди ҳамда 7432 та объект ҳақидаги маълумотлар “E’tirof” ахборот тизимига киритилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири