Каъба эшиги пардаси, Равза ёпинчиғи, “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” ёзувлари туширилган бадиий паннолар – Ўзбекистонда!
18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ислом дини тарихи ва муқаддас масканлар билан боғлиқ ноёб артефактларнинг махсус кўргазма-тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, Президентимиз топшириғи асосида Лондондан Ўзбекистонга олиб келинган ноёб артефактларнинг журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида махсус тарзда очилгани бўлди.
Давлатимиз раҳбари мазкур ишларни изчил давом эттириш, маданий меросни излаш ва қайтариш бўйича махсус илмий экспедициялар ҳамда фондлар ташкил этиш вазифасини ҳам қўйган эди. Бугун бу топшириқлар амалда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, ЕХҲТ ва Лондон полицияси ҳамкорлигида ўтказилган махсус рейд давомида маданий бойликлар аниқланиб, уларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилди. Бу воқеа нафақат мамлакатимиз, балки халқаро маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.

Бугун эса Ислом дини ва муқаддас қадриятларимизга оид яна бир қатор ноёб ёдгорликлар — Кисва парчалари, муқаддас буюмлар ва тарихий ашёлар юртимизга олиб келинди. Қурбон ҳайити арафасида халқимизга тақдим этилаётган бу бебаҳо туҳфалар юртдошларимиз учун катта маънавий аҳамият касб этмоқда. Кўргазмада ислом оламининг энг муқаддас масканлари билан боғлиқ юксак маънавий аҳамиятга эга ёдгорликлар намойиш этилмоқда.
Хусусан, ХIХ асрга оид муқаддас Каъба эшигининг металл иплар билан тикилган пардаси — “Бурқа” кўргазманинг марказий экспонатларидан бирига айланди. 1880 йилга мансуб ушбу ёдгорлик муқаддас Каъба эшигини безаб турган тарихий ёпинчиқ сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига оид Каъба кисвасининг бир қисми – “Хизом” ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Кисва муқаддас Каъбани ўраб турувчи мато бўлиб, унинг ҳар бир қисми мусулмон олами учун юксак қадрият сифатида баҳоланади.
Кўргазмада Мадинаи Мунавварадаги Равза мақбараси ёпинчиғи – “Равза” экспонати ҳам намойиш этилди. 1900 йилга оид ушбу артефакт ислом тарихи ва мусулмонлар маънавий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқлиги билан катта қизиқиш уйғотди.
Экспозициянинг яна бир муҳим қисми сифатида Каъбанинг шимолий қисми томига ўрнатилган зарҳал сув оқизгич – “Мизоб ар-Раҳмон” тақдим этилди. Ушбу ноёб ёдгорлик муқаддас Каъба архитектурасининг муҳим қисми сифатида алоҳида тарихий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шу билан бирга, “Муҳаммад” ва “Аллоҳ” ёзувлари туширилган бадиий паннолар, XVIII аср охирига мансуб “Далоил ал-хайрот” ҳамда “Ал-ҳизб ал-аъзам” асарларидан иборат ноёб дуо китоби ҳам кўргазмадан ўрин олди. 1793–1795 йилларда кўчирилган мазкур қўлёзма китоб ислом хаттотлик санъати ва диний адабиёт тарихининг нодир намунаси сифатида мутахассислар эътиборини тортмоқда.
Ўзбекистон азалдан бой тарих ва юксак маданият макони сифатида дунё эътиборини тортиб келган. Бироқ турли тарихий даврларда юртимизга тегишли кўплаб ноёб артефактлар, қўлёзмалар ва санъат дурдоналари чет элларга олиб чиқиб кетилган.
Халқаро музейлар кунида Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилган ушбу ноёб артефактлар шунчаки тарихий экспонат эмас, балки халқимизнинг маънавий бойлиги ва ўзлигини англаш йўлидаги улкан қадамдир. Маданий меросларимизнинг юртимизга қайтарилиши ҳамда ислом оламининг энг муқаддас ёдгорликлари – кисва парчалари ва тарихий қўлёзмаларнинг Ўзбекистонда жамланиши давлатимиз томонидан олиб борилаётган изчил маданий-маърифий ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА