Кўмирнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди
Қишнинг бугунги аёзли кунларида табиий газ етиб бормаган ҳудудларда кўмирга бўлган эҳтиёж юқори.
Қишнинг бугунги аёзли кунларида табиий газ етиб бормаган ҳудудларда кўмирга бўлган эҳтиёж юқори. Аҳолининг ушбу маҳсулотга талаби кундан-кунга ортиб бораётган бир пайтда кўмир бизнесини йўлга қўйиш, уни юқори нархларда сотиб, мўмай даромад топишни мақсад қилган айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Жалақудуқлик Элёрбек Мадумаров ҳам ана шундай тадбиркорлардан бири бўлиб чиқди. У “Янгисор” маҳалласида кўмир сотиш бизнесини йўлга қўйди. Ушбу ҳудуд туман марказидан унча олис эмас, қолаверса, кўздан пана жой. Кўпчиликнинг эътибори тушмайди. Бироқ кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек, унинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Солиқ идораси ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбир давомида Э.Мадумаровдан сотилаётган кўмирга тегишли ҳужжатлар сўралганида, аввалига турли баҳоналар билан солиқ ходимларини чалғитишга уринди. Кейин эса давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганини тан олди.
– Мазкур ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, унга тегишли умумий қиймати 36 миллион 720 минг сўмлик 48 тонна кўмир маҳсулоти далилий ашё сифатида олиб қўйилди, – дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси катта инспектори Дилмурод Парпиев. – Ноқонуний тадбиркорлик бир кун албатта, барҳам топади. Шу оддий ҳақиқатни тушунмасдан кўмирни қиммат нархда сотиш орқали бойиб кетиш ҳаракати қандай оқибатларга олиб келганлигини ушбу ҳолат мисолида кўриш мумкин.
Андижон вилояти солиқ бошқармаси томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларида ана шу каби ноқонуний иш олиб бораётган тадбиркорлар фаолиятига чек қўйилмоқда, уларга қонун доирасида иш юритиш зарурлиги хусусида тушунтириш берилмоқда. Энг асосийси, ёқилғи маҳсулотларининг сохта тадбиркорлар қўлига ўтиб, нархларнинг сунъий равишда ошиб кетишининг олди олинмоқда.