Кўкда кўзни қувнатган турналар...
ФОТОРЕПОРТАЖ
Турналар. Баҳор даракчиси. Уларнинг кўзни қувнатувчи ўзига хос парвозлари кексаю ёшнинг эътиборини тортади, кўнгилларга ажиб илиқлик, олам-олам орзулар улашади.
Кутилмаганда ерда дуч келганим турналар ёшлик хотираларни бир муддат кўз олдимда гавдалантирди...
Ҳар гал баҳор келиши билан осмону фалакда турфа шакл-шамойилда учаётган турналарни кўриб кўзимиз қувнарди. Катталардан эшитганларимиз бўйича ўзимизча уларнинг ҳаракатини таърифлаймиз. Баланд учган турналарни кўриб бироз хафа бўламиз қимматчилик бўлади, деб. Пастлаб учган турналарни кўриб ич-ичимизга сиғмай хурсанд бўлиб, овозимизнинг борича уларга ўз тилакларимизни билдирамиз арзончилик бўлади, деб. Улар ғуж айланган жойда бойлик бўлади, ўша ерни яхшилаб ағдариш керак...
Болалик хотираларини эслаб ўша ғўр ўй-хаёллардан ажиб бир энтикиб ерда бамайлихотир юрган турналарга тикиламан. Кўкда ўзига хос ҳаракати билан кўзни қувнатган табиатнинг бу ажойиботининг гўзаллиги ҳам бетакрор экан. Қизиқ, кўкда пастлаб ўтса арзончилик бўлган турналар бугун ерда бемалол, одамлардан қўрқмай юрибди. Бунинг қандай синоати бор? Мўл-кўлчиликми ёки бошқа сабаб?
Эссиз, ёшлигимда ерда турналарга дуч келмаган эканман! Учратганимда бунинг ҳам маъносини билган бўлардим!


