Мен Каримжонни кўп йиллардан бери, илк бор Москвадан келиб, газетада ишлаб, бошқа нашрларга мақола ёзиб юрган пайтларидан биламан. Ўзини танишдан олдин ёзганларини ўқиганман.
Илк бор Карим Баҳриевнинг “Саодат” журналида чоп этилган “Журъат ҳаммага керак” деган мақоласини ўқиганман. Мақола Турсуной Содиқованинг “Андиша, ҳаё ҳаммага керак” номли мақоласига мунозара тарзида ёзилган бўлиб, “Андиша маиший ҳаётда, келиннинг қайнона билан муносабатида керак, лекин ижтимоий-сиёсий ҳаётда журъатли миллат бўлайлик, динимизга, тилимизга, миллатимизга соҳиб чиқайлик, юқоридагиларга рост гапириш керак бўлганда, андиша қилиб, мум тишлаб ўтирмайлик”, - деган тарзда ёзилган эди.
Кейин “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да унинг “Яшашга рухсат беринг, прокурор” деган мақоласи босилди. Ўша пайтда Бухорога ва бутун Ўзбекистонга “десантчи” кадрлар шўро иттифоқи маркази томонидан юборилган эди. Каримжоннинг мақоласида “Бухоро – ислом динининг қуввати, авлиёларнинг ётган ери, бу заминда адолатсизлик қилиниши мумкин эмас! Ҳеч бўлмаса, қон тўкилган жиноят ишларидан пора олманг...” – деган даъватли мақоласидан сўнг ўша пайтдаги Ғиждувон прокурори ва вилоят прокурори ишдан олинди ва келган манзилига кетди.
Ортидан “Бугун маданиятни қутқаринг, эртага у сизни қутқаради”, “Орол яшаб қолмаса, бу халқ яшаб қолмайди” сингари дастурий мақолалари чиқди ва ҳатто айримлари ҳукуматнинг шу соҳалардаги давлат дастури яратилишига туртки бўлди.
Энг шов-шувлиси ва ҳаммани ларзага солгани Карим Баҳриевнинг “Ой бориб, омон қайтмаган болам” сарлавҳали, иттифоқ армияси сафида хизмат қилиб ўлиги келаётган йигитларимиз тақдири ҳақидаги, миллиондан зиёд ададли адиблар нашридаги мақоласи бўлди. Мақолада армиядаги шовинизм фош этилган, армияни иккига бўлиш – ватан ҳимоясини профессионал, доимий асосда фаолият юритадиган армияга айлантириш (юрт ҳимоясини икки йилга бориб келадиган ҳаваскорларга ишониб бўлмайди), қолган қўшинларни, масалан, қурилиш батальонларини бекор қилиш (қурилишни қурувчи қурсин, аскар эмас) таклифларини олдинга сурган эди. Акс ҳолда ҳарбийдан ўликлар келаверади, деб қайғурилган эди. Ҳатто шу мавзуда, шаҳид кетаётган болалар тилидан шеър ҳам ёзганди ва уни мақола сўнгида берилганди.
Шамоллар уйғонди. Барг – ҳаяжонда...
Ҳатто ер тагида қўзғолди илон.
Дунё тирилаётган шу тоза тонгда
Ўлгим келмаяпти, онажон.
Ўнгирларда кезар муздай ҳаволар,
Ишқалаб қобоғин кўтарар осмон.
Дунё кўзларини очаётганда
Мен кўз юмайинми, онажон?!
Қайдадир силкинар томчидил ўтлар,
Баргида чумоли кезади ҳайрон.
Ҳали мен кўрмаган боғлар бор экан,
Ўлгим келмаяпти, онажон.
Қизларнинг овози жаранглар мунис,
Ишқ, десам – дафтарга сачраб кетди қон.
Севмаса севмабди мени битта қиз,
Дунёда қиз камми, онажон?!
Қаёққа қочади бу иссиқ қоним,
Қўлларни соғиниб сочларим – ғужгон.
Кимга керак бўлди менинг ёш жоним,
Ўлгим келмаяпти, онажон.
Бегуноҳ биттадир – у ҳам осмонда,
Қўлга чивин қўнди, қувмоққа йўқ жон.
Чивинлар, чумчуқлар юрган жаҳонда
Менга жой йўқмикан, онажон?!
Қуёшга термулдим – кўзим қамашди,
Киприкдан шабнамдай ёш оқди маржон.
Нурларни соғиниб қақшар қовурғам,
Ўлгим келмаяпти, онажон!
Гарчанд мен қайғули шеърлар тўқидим,
Гарчанд азоб кўрдим мудом бепоён –
Мен ҳали дунёга тўйган йўқ эдим,
Дунё тўйдимикин мендан, онажон...
Аввал, ҳарбийларнинг “Фрунзевец” газетасида полковник Ю.Бондаренконинг, СССР Конституциясига кўра “армия сафида хизмат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи” эканини пеш қилиб, Каримжонни “антиконституцион ҳаракат”да айблаган мақоласи чиқди. Уни қамаш ҳаракатига тушдилар, аммо ўша пайтда тўсатдан Москвадаги йигирма миллион тиражли “Комсомольская правда” газетасида унинг мақоласи русчада “Грузь 200” (200-чи юк”) номи билан чиқиб қолди. Иттифоқ аҳли ўқиди ва бир сесканди. Охири Карим Баҳриевни Москвага Фрунзе кўчасидаги оқ бинога – СССР Мудофаа вазирлигига таклиф қилишди. Москвадаги музокараларда ҳам у ўз сўзини такрорлаган ва музокараларда мунозара қилган. Иттифоқ ҳарбий раҳбарияти бундан кейин ўзбек асарларини фақат битта минтақага – иқлими ўзбеклар юртига яқин, ҳатто қовун-тарвуз ўсадиган Ростов, Астарахан томонга жойлаштиришга, ўзбек қисмлари Ўзбекистондан озиқ-овқатлар, мева-сабзавотлар ортилган эшелонлар уюштиришга, ўзбек санъаткорларини ҳарбий қисмларга гастролга олиб келишга ваъда қиладилар. Кейин Карим ҳам депутати бўлган парламент Давлат мустақиллиги декларациясини қабул қилди. Иттифоқнинг бу режалари абас бўлди.
Шу пайтларда Каримжонни, унинг отаси Ҳаким акани шахсан танидик. Билдик.
Карим Ҳакимович Баҳриев 1962 йилда Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғўс қишлоғида туғилган. 1979 йилда мактабни Олтин медал билан тугаллаб, А.Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультетида, Москва давлат университети журналистика факультетида таҳсил олган.
1985 йилдан Тошкентда — «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида катта мухбирликдан иш бошлаганди. Унинг мақоллари машҳур қилди ва партия ёки ҳукумат эмас, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи ташаббуси билан депутатликка номзод бўлди ва беш номзод ичидан 83 фоиз овоз олиб, мамлакат Олий Советига депутатликка сайланди.
1990-1995 йилларда Ўзбекистон Олий Совети депутати сифатида Олий Кенгашида тил, маданият ва миллатлараро муносабатлар Қўмитаси масъул котиби ҳамда ошкоралик қўмитаси раиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритди.
Унинг бу фаолияти даврида мен Ўзбекистон Президенти аппаратида, давлат раҳбарининг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлардим.
Уни бир неча бор Президент аппаратига ишга таклиф қилдик. Кечаси ўн икки, бирларгача, то давлат раҳбари хонасини тарк этгунча ишлашимиздан хабари бор эди. Ижодидан қизғаниб розилик бермаган.
Эслайман, Ислом Каримов уни чақириб суҳбатлашганди мен бирга эдим. Уни МТРК раисининг биринчи ўринбосарлигига қўйиш ниятини айтади, Каримжон бу қалтис жойлигини, пул, интригалар кўплигини, мафиянинг манфаатлари борлигини, қолаверса, тажрибаси йўқлигини айтади. Ислом Каримов қатъий турганидан сўнг раис ўринбосари қилиб тайинлаш ҳақида Фармон тайёрлаш бўйича менга топшириқ берди ва эртага Каримжонни Бош вазир ўринбосари Эркин Самандаров билан бирга, телевидениега олиб бориб таништиришимизни тайинлади. Ўша кечаси айрим иғвогарлар Ислом акага кириб: “Бу бола “демократ”, бунақалардан телевидениеда ҳам ўн-ўн бешта бор, бу ўшаларга бош бўлади ва телевидениени эплаб бўлмай қолади”, — деб фармонни қайтариб олдиришади.
Аввал ҳам Каримжоннинг “Уйғониш машаққати” мақоласи 1990 йил, 7 июнь кунги адабиёт газетасида чиққан ва унда муаллиф “Нега қишлоқларга газ ва сув келтириш фармонига имзо чекди, деб Президентни мақтайсизлар, у ўз томорқасига бодринг экиб, сотиб, пулига сув келтирмайди, бюджетни, яъни ўз солиқларимиздан берган пулимизни тақсимлайди. Шунга ҳам раҳмат деяверсак, шахсга сиғиниш ва диктатура бошланади”, – дея мақола ёзган, эрталабки ошга борган ҳамма амалдорлар кечки никоҳ тўйига бормаганди. Чунки соат ўнларда Президент мажлис қилиб, ўша мақолани ушлаб бақирган, Пиримқул Қодиров ва Эркин Воҳидовга: “Шогирдим дейсанлар, бу ғирт оппозиция экан-ку”, — деб ўшқирганди. Ҳамма Карим Баҳриев депутатликдан кетиб, қамалиб кетади, деб ўйлади. Тўйга бормаганидан ташқари, ўзларини ундан узоқ тутиб юрдилар.
Бир ой ўтгач, дин ҳақида қонунчилик муҳокамаси пайти, Каримжон ўринбосар бўлган маданият, тил ва миллатлараро муносабатлар қўмитасида Пиримқул Қодиров, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шукрулло Мирсаидов билан масжидларни солиққа тортиш-тортмаслик масаласи кўрилаётганда, Ислом Абдуғаниевич уни: “Нима қилиб қўйдинг?!” — деб жеркийди. Каримжон: “Начора, мақола ёздим, у чиқиб кетди”, — дейди. Каримов: “Мен ҳақимда шунча истеъдодинг билан бир оғиз илиқ сўз ёзмадинг, майли, кел, ёмонлаб ҳам ёзма. Менинг душманларим етарли, ука”, — деди.
Буларнинг бари Президент уни қайта ва қайта “тарбиялаш”га уринганини кўрсатади.
Ислом Каримов Карим билан ўз хонасида тўрт марта уч-тўрт соатдан суҳбатлашган. Уни Корея, Индонезия ва Малайзия сафарларида ўзи билан олиб кетган ва сафар пайтида ва Жакартадан Тошкентгача Сахара орқали ўн уч соатли учиш пайтида анчагина фикрлашган. Бу ҳақда журналист Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” тетралогиясида ёзилган. Исмат Каримнинг то ҳануз бу суҳбатлар тафсилотини очиқламаслигини ҳам айтган. Менингча, Ислом ака уни масъулиятли мансабларга тайёрлашга умид қилган, аммо Каримжон амалдорликка ёт инсон эди, халқи сайлагани учун парламентда охиригача ўтирди ва бошқа сайланишни ҳам, амални ҳам истамади. Ўзи депутатликка ҳам қишлоқ аҳли зўрлаб кўндирганди, ҳатто сайлов комиссиясига ўзлари имзолаб, топшириб юборишганди. Лекин ёмон депутат бўлмади, астойдил бир туман учун эмас, бутун мамлакат учун куйинди.
Каримжон парламентдаги фаолиятини тугатиб, 1995 йилдан «Маърифат» газетаси Бош муҳаррири ўринбосари, 1996 йилдан «Хўжалик ва ҳуқуқ» – «Хозяйство и право» журналлари Бош муҳаррири лавозимида ишлади. Бу журналда ўша пайти суд материаллари қатори қозилар ҳақида ривоятлар, латифалар, Рауф Парфи ва Абдували Қутбиддин шеърлари, дунё файласуфларининг ҳикматлари ҳам босиларди. У қозиларни адабиёт ва фалсафага ошно қилишга уринарди.
1996 йил декабрида мамлакатдаги илк мустақил газета — «Ҳуррият» газетасининг Бош муҳаррири бўлди ва бу ердаги оламшумул ишлари, “Би-Би-Си” ўша пайтда эътироф этиб айтган “Ўзбекистонни титратган беш сон”и ва цензурасиз газетага яна цензурани тиклаш талабидан сўнг ташлаб кетганини ҳамма билади.
1997 йил февралида «Хўжалик ва ҳуқуқ» – «Хозяйство и право» журналида яна Бош муҳаррирлик қила бошлади. 1998 йил 1 мартдан бошлаб то 2005 йилгача «Интернеwс-Нетwорк» халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида юрист, директор ўринбосари лавозимларида ишлади. 2005 йилда «Жаҳон адабиёти» журналида бўлим мудири бўлди. 2005 йилдан то ҳозирги пайтгача «Олтин мерос» халқаро жамғармасининг ахборот хизмати раҳбаридир.
К.Баҳриев – медиаюрист, медиаэксперт, шоир ва таржимондир. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчисидир.
Қачон ижод қилади, буни ҳатто аёли ҳам билмаслигини менга айтган. Лекин анча нарсаларни ёзди. Сабабини сўрасам: “Ака, Аллоҳга шукур, бир йилда 365 кун бор, кунига бор-йўғи бир варақдан ёзсанг, бир йилда 365 бет бўлади, ўн йилда 3500-4000 бет, ўн-ўн икки том бўлади. Кунига бир соат ёзиб, йигирма уч соат бошқа ишларни қилиш мумкин, дўстлар, давра, китоб ўқиш, учрашувлар, болалар, оила ва ҳоказо...” — деганди. Ростдан ҳам умрни, вақтни қадрига етиш керак.
Ижодни илоҳий иш билиб, бир ўзи қолганда ижод қилишини шундан ҳам биламанки, қачон келсанг, ишхонаси қулф бўлади, жуда талабчан тақиллатсанг, шкаф орқасидан чиқиб келиб, кейин очади. Хонани қулфлаб ўтиришини ҳамкасблари ҳам айтишади.
Шу тариқа унинг «Демократия ва инсон ҳуқуқлари. Ҳуқуқий ислоҳотлар ўзбек йўлининг ўзига хосликлари», «Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти», «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари» номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китоблари, “ОАВ ва сайловлар” ҳамда “СМИ и выборы” номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланма, “Медиа ҳуқуқи” дарслик китоби, “ОАВ қонунчилиги бўйича 100 саволга 100 жавоб” номли ўзбек ва рус тиллардаги китоби, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий китоби чоп этилган.
К.Баҳриев Сенека, Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарларини, жаҳон халқлари ҳикматларини, Генри Форднинг “Менинг ҳаётим”, Жорж Оруэлнинг “1984” ва “Молхона” романларини, Светлана Алексеевичнинг “Чернобиль таваллоси” романини ва Малколм Гладуэлнинг “Даҳолар ва уддабуронлар” асарларини, Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентури, Владимир Войнович, Веркор ҳикояларини, уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърий китобини, дунё шеърияти икки жилдлик антологиясини, озар адиби Мирзо Алиакбар Собирнинг “Хўп-хўпнома” девонини, озар шоири Ромиз Равшаннинг шеърлари ва достонини, А.Авторхоновнинг «Кремл салтанати» китобини таржима қилган.
Карим Баҳриевнинг «Сабр косасининг синиқлари», “Томчидил”, “Тоқат” шеьрий китоблари, “Ҳақиқат талабгоримиз”, “Бетоқат” (икки жилд) публицистик китоблари нашр этилган.
Каримнинг гўзал шеърияти бор. Оз ёзади, фақат жим ўтиришнинг имкони бўлмай қолганда, айтиладиган сўзи, оҳанги жимликдан кўра зарурроқ, деб билганида ёзади. Ўсмирликдан бошлаб, қирқ беш йил ёзган ҳамма шеърларини тўплаб, бир китоб қилди — “Тоқат”. Шу китобда бир муқаллид шеърлар туркуми бор, унда Ургутда, унинг қишлоғи Ғўсда тоғдан сел келгани ҳақида қайси шоир қандай ёзарди, деб Абдулла Ориф, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим ва бошқаларнинг номидан ўхшатиб шеър тўқиган. Уларнинг ҳар бирида муқаллид қилинаётган шоирнинг услубини аниқ-тиниқ намоён қилган. Демак, у истаганча шеър ёзиши, ҳар кун ёзиши мумкин эди. Улардан ўтказмаса, улардай ёзиб кетаверарди. Лекин ёзмайди, фақат ўзининг шеърини ўзининг фурсатида ёзади. Каримнинг шеърлари жуда тиниқ, тоза, қуйма шеърлар.
Мен унинг истеъдодини ҳамиша тан олганман, шунинг учун ҳам атрофимда шунча шоирлар кўп бўлган дунёда ўзимнинг шеърларимни дастлаб унга кўрсатганман. Яширадиган ери йўқ, мен ҳам болаликдан шеър машқ қилиб юрганман, иқтисодчи бўлсам-да, шеъриятни севганман ва севаман. Ҳалима Худойбердиевадай шоира билан ҳамнафас ҳаёт шеърга меҳр берган, лекин шеърларимни ўттиз йил ҳеч кимга кўрсатмаганман. Бошимизга қамоқ тақдири ҳам тушди. Узун кунлар, уйқусиз тунлар шеър билан овундим. Қамоқдан чиқиб, озод бўлган кунларимнинг бирида Каримжон билан кўришиб, шеърларимни кўрсатдим ва, агар мақбуллари бўлса, сўзбоши ёзиб беришни сўрадим. Каримжон кулиб юборди: “Мавлон ака, аёлингиз Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шоираси, мен учун 20 асрнинг энг буюк шоираси, ҳаммамизнинг устозимиз — Ҳалима опага кўрсатинг. Қолаверса, Абдулла Орипов етакчилигида қанча буюк шоирларимиз бор, улардан бири сўз ёзсин. Мен умримда бировга сўз ёзмаганман, малакам йўқ”. Мен барибир ўжарларча туриб олдим: “Ҳалимага кўрсатиш мен учун ноқулай, агар ростдан шеърга ўхшаса, тўплам қиламиз, чиқса кўрсатаман унга совға бўлади. Сўзга келсак, айнан сизнинг сўзингизни истайман”, — дедим.
Каримжон шеърларимга бир гўзал сўзбоши ёзди, лекин ҳали оқланмаган эдим, бу юртда менинг китобим чиқолмас эди. Бишкекда, Москвада чиқараман, деб орзуландим, чиқаролмадим. Ва ниҳоят орадан етти йил ўтиб, юртда ўзгаришлар бошланиб, шеърий китобим ўша сўзбоши билан чоп этилди.
Карим Баҳриевнинг сўз эркинлиги борасидаги азалий якдиллигини, қатъиятини ҳамма билади. У бу курашда собит турди ва турмоқда. Пайтида кам сонли сафдошлари билан, гоҳида бир ўзи курашди. Мана, ниҳоят, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, сўз эркинлиги ислоҳотларнинг асосий қадриятларидан бирига айланди. Каримжон орзу қилган даврлар бошланди. Албатта, ҳали ҳам муаммолар бор ва у ўз миссиясини давом эттирмоқда.
Карим Баҳриев долзарб мавзуларда мақола ёзишни бугун ҳам тўхтатмаган. Яқинда унинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий мавзулардаги публицистикаси икки томли китоблар бўлиб, босилиб чиқди. У шеърий китобини “Тоқат” деб атаган бўлса, публицистика китобини “Бетоқат” деб номлади. Ростдан ҳам мақолалар юрт ва халқ учун бетоқатликдан, безовталикдан, куюнчакликдан туғилган. Бу китобдаги сиёсий партиялар, демократик ислоҳотлар, иқтисод, маданият, ижтимоий ҳаёт мавзуларини қамраб олган.
Мен иқтисодчиман ва ўша мустақилликнинг илк палласидаёқ Каримжон ва менинг суҳбатим “Ҳаёт ва иқтисод” журналида босилиб чиққанди. Ўшанда у иқтисодий мустақиллик, мавжуд ҳолат ҳақида кўп қимматли фикрларни айтганди. Бугунги мақолалари ҳам унда иқтисодий билимлар етарли эканини кўрсатади. Китобда қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари, пахта ва ғалла сиёсати, монополиянинг оқибатлари, энергетика соҳасидаги муаммолар, Оролнинг тақдири борасидаги таҳлиллар берилган ва ечимлар таклиф этилган.
Карим Баҳриевнинг суҳбатида бир бўлган одам доим кўргиси, суҳбатлашгиси келади. Унинг ҳамсуҳбатлари мени тасдиқласа керак. У кулдиради, ўйлатади, маърифатлироқ қилади инсонни. Юморга, қочиримга бой. Масалан, у ўн мингга яқин латифани билади. Ҳар бир гапини латифадан ташқари, ривоят, эртак, илмий тадқиқотларнинг якуни, диний илмлар билан тасдиқлаб беради. Шу ўринда айтиш керак, унинг отаси Ҳаким “босмачи” (Ибодулла қўрбошининг набираси бўлгани учун шундай аташади Ургутда) қирқдан зиёд достон, икки юздан зиёд ривоятларни ёддан айтардилар, даврада биров у кишининг сўзини бўла олмас эди. “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларини беш-олти кеча-кундузлаб айта олардилар. Каримжондан шоир, журналист, олим йигит бўш ерда пайдо бўлмагани шундан билинади.
Қолаверса, Каримжон кўп китоб ўқиган ва ўқийди. Яқинда телевизорда суҳбат пайти унинг уйидаги кутубхонанинг бир деворини кўрсатишди, минглаб китоблар терилганди. Етти-саккиз минг китоби борлигини, санамаганини айтади. “Шу китобларнинг ичида яшаб, ақлли бўлмасак, уят-да, ака”, — дейди.
Мени, иқтисодчи олимни сиёсий китоблар ёзишга Каримжон ундаганини, шундай китоб ёзганимда унга сўзбоши ёзиб берганини ҳам айтишим керак.
У гапни узоқдан бошлади: “Америкага бордим, Оқ уйда, Пентагонда, Давлат департаментида, турли штатларда бўлдим. Америка болалари болаликдан сиёсатга қизиқар экан. Вашингтонда Миллий матбуот маркази билан бир бинода собиқ сиёсатчилар клуби ҳам бор экан. Ўта кекса собиқ Давлат котиби Генри Киссенжер уни бошқарар, барча собиқ Президентлар, Давлат котиблари унга кирар экан ва улар амалдаги АҚШ Президентига қалтис пайтларда маслаҳат берарканлар. Америка сиёсати ўйлаб олиб борилар экан. Нега биздаги сиёсатчилар, ишдан кетгач жимгина яшайдилар, эзилиб, инфаркт-инсульт бўлиб кетадилар?!
Ёш авлоднинг камолоти кўп жиҳатдан унинг маънавий-маърифий ва сиёсий тафаккурининг ривожланишига боғлиқдир. Сиёсий тафаккур ривожи учун эса сиёсат билан бевосита шуғулланган шахсларнинг ўз билимларини, хотираларини, тасаввурларини баён қилишлари, мамлакат келажагини ўйлаб, виждонан ҳикоя қилишлари ва мулоҳазаларини халқ билан ўртоқлашишларини тақозо қилади. АҚШ Президентларининг ваколатлари тугаганидан сўнг биринчи қиладиган ишлари бирор-бир етакчи нашр билан шартнома тузиб, ўз мемуарларини китоб қилишларидан бошланади ва улар туғилган штатларида ўз номларида кутубхона ҳам очадилар. Ана шу китобларни ўқиган авлод сиёсий тафаккурини ўстиради.
Россия Президенти Борис Ельциннинг “Ҳавола этилган мавзуда иқрорлар”, Қозоғистон етакчиси Нурсултон Назарбоевнинг “Ўнглар ва сўлларсиз”, Қирғизистон Президенти Асқар Ақаевнинг “Очиқ суҳбат” китоблари шу йўналишдаги китоблар эди. Афсуски, айрим сиёсий раҳбарларнинг асарлари мажлисдаги маърузалардан, “иқтисодий ўсишларнинг кўрсаткичлари” сингари ҳисоботлар қалашган маърузалардан иборат бўлди. Инсон қалби, халқ тақдири бу том-том китобларда кўринмади.
“Сиз бошланг, ёзинг, Мавлон ака!” — деди Каримжон. Мен ёздим, чиқди. Исмоил Ҳакимович Жўрабековни даъват этдим. У киши билан суҳбат китоб ёздик ва у ҳам шу кунларда Каримжоннинг сўзбошиси билан чоп этилди. Ёш авлодимиз сиёсатчи бўлиб ўссин, қай соҳада ишламасин, юртининг ҳолига куюнчак, дунёда ва юртда нима бўлаётганини тафаккур қиладиган бўлиб вояга етсин, деймиз.
Каримжон бизникига менинг даъватим билан келса ҳам, дарҳол Ҳалима унинг қаршисига чиқар ва узоқ суҳбатлашарди. Чунки улар — катта шоирлар. Суҳбат Навоий ва Бобо Тоҳирдан, Яссавий ва Эмили Дикинсондан, Рауф Парфи ва Франц Кафкадан келарди. Каримжон Эронда яшаган форс шоири Бобо Тоҳирни ўз таржимасида ўқирди:
Ўнглагин банданинг ишин, Биру Бор,
Ўзинг ёлғизларга эрурсан-ку ёр.
Дейдилар кимсаси йўқдур Тоҳирнинг,
Менга кимса нечун, гар Худойим бор?!
***
Йўқдир содиқ ошно — кимга борай мен?
Ғарибман, тоқ, танҳо — кимга борай мен?
Тангрим, бу халқ қувса борарман Сенга,
Сен ҳайдасанг, эвоҳ — кимга борай мен?
Бир куни Каримжонни кўриб, Ҳалиманинг кўзида ёш томчиси пайдо бўлди, қарасам, Каримжон ҳам йиғлаяпти. Ҳали сўрашиб, бир сўз ҳам айтишгани йўқ. Бироз аввал Каримжоннинг ўн саккиз ёшли қизи Чарос оламдан ўтган, яқинда эса бизнинг навқирон ўғлимиз Умиджон омонат дунёни тарк этиб кетганди.
Ҳалима охири: “Каримжон, Аллоҳ сиз билан мени бу юкни ҳам бир кўринглар, деб имтиҳон қиляпти. Сабр қиламиз”, — деди. Каримжон ҳам: “Албатта, агар нимадир қилиб тирилтириб олиб бўлганда, оламни тикка қилардик. Сабр қиламиз. Ҳаммамиз борадиган манзил шу”, — деди:
Аллоҳ ҳузурига кетдинг олдиндан,
Биз ҳам боражакмиз бешак ортингдан.
Умидимиз бордир Раҳми одилдан –
Бандаман чорасиз, обу гил аслим,
Қодир тақдирига турибман таслим.
Роббимнинг ҳукмига бўларман таслим,
Борар жойинг бўлсин жаннати наим.
Чарос, Чаросгинам, менинг Чаросим,
Танинг ерга, ўзинг осмонга тушдинг,
Ўн саккизда ҳукми Раҳмонга тушдинг.
Бу унинг қизига ёзган илк марсияси эди. Кейинчалик бу дарддан яна нола қилиб, сатрлар битди:
Замон айланади, ўтар кун-кеча,
Мана, аста-секин тонг ҳам отибди.
Олам ёришди-ку, Чаросдай қизча
Қоронғуда, ер тагида ётибди.
...Секин-секин келар ана баҳор ҳам,
Кўкча қабристони гулга ботибди.
Ер юзин гул босди, ернинг тагида
Чарос деган қизча абад ётибди.
Булбул сайрар тинмай гулнинг шохида,
Ишқнинг мажлисида шамол котибдир.
Ернинг усти – шовқин, пастда жимгина
Чарос деган қизча мангу ётибдир…
Каримжон ва Ҳалима Худойбердиеванинг чоп этилган бир машҳур суҳбати бор. Суҳбат охирида Ҳалима: “Суҳбатнинг номини “Икки денгиз учрашуви” деб қўйсак”, — деди. Каримжон негалигини сўради. Ҳалима машойихлар Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий учрашувини “икки денгиз учрашди” дейишган”, — деди. Каримжон эса: “Опа, суҳбатимизда Румий ва Табризий ҳақида гап йўқ-ку?!” — деди. Ҳалима яна: “Бу суҳбат – сиз ва менинг учрашувимиз, бизлар ҳам бир денгизмиз, уммонмиз, оқиб кетяпмиз билмайдилар...” — деди ва хўрсинди (“Ҳалима ҳам ўтиб кетар, билмаслар...”):
Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар билмаслар.
Жамалаксоч парипайкарлар кўрдим.
Баҳорлари кетиб борар билмаслар.
Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари.
Боғларининг ширин забон кушлари –
Олқорлари кетиб борар билмаслар.
Отлари-я, қорабайир отлари,
Гижинглади деб ўйласам, додлади.
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади –
Шунқорлари кетиб борар билмаслар.
Кузатиб бу дунёнинг ўр, кирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини.
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар билмаслар.
Чарсилаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Халима ҳам ўтиб борар билмаслар…(Ҳалима.Х)
Каримжон Баҳриев ҳақида гапларимиз кўп. Бугунча шуларни айтяпмиз. У тинимсиз ишлаяпти, ижод қиляпти. Тангри таоло умр, куч ва илҳом берсин, дейман ва яна кўп асарлар кутаман.
Мавлон Умрзоқов, ЎзА