Гулистон шаҳри марказида барпо этилган янги телевидение мажмуасига қадам қўйган ҳар бир киши ўзини замонавий ижодий муҳитда ҳис қилади. Ёруғ ва кенг студиялар, Германияда ишлаб чиқарилган ёритгичлар, рақамли форматдаги эфирга узатиш имконига эга монтаж ва овоз ёзиш хоналари – барчаси ахборот майдонида янги қадам ташланганидан далолат беради.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида журналистлар ана шу имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

– Бугун каналимиз кунлик 18 соатлик эфир ҳамда 16 соатлик радио эшиттиришларни амалга оширмоқда, – деди муассаса директори Зафар Дархонов. – 1996 йил 15 декабрда илк бор эфирга чиққан Сирдарё телевидениеси шу йиллар мобайнида қатор босқичларни босиб ўтди. Энг асосийси, турли жанрдаги кўрсатувлар, жумладан тўғридан-тўғри эфир дастурларини тайёрлаш имконияти яратилди.
– Янги мажмуа нафақат кўрсатувлар сифатини оширди, балки тўғридан-тўғри эфир имкониятларини ҳам очди, – дейди муассаса раҳбарининг ўринбосари Нодир Норқулов. – Асосийси, замонавий студиядан жонли эфирга узатилаётган “Юзма-юз” ва “Тўғридан тўғри” каби дастурлар кўрсатувларнинг рейтингини кўтариш билан бирга, томошабин билан янада яқинлашиш имконини бермоқда.

Журналистлар монтаж хоналаридаги иш жараёнларини кузатиб, замонавий техника орқали тез ва сифатли маҳсулот тайёрланаётганига гувоҳ бўлдилар. Тажрибали оператор Шуҳрат Абдувойитов бу имкониятлар ижодий жараённи янада самарали қилганини таъкидлади.
Бугунги кунда 50 дан зиёд ходим меҳнат қилаётган жамоада Муқаддас Ҳакимова, Нигора Имомқулова, Нилуфар Ҳайиталиева, Дилором Қаюмова, Азизхон Эшонхонов каби журналистларнинг фаолияти алоҳида эътироф этилди. Улар тайёрлаётган кўрсатувлар маҳаллий ҳаёт, инсонлар орзулари ва муаммоларини кенг қамраб олмоқда.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бойжигит Абдуллаев бундай ташрифларнинг аҳамияти ҳақида шундай деди: – Бундай учрашувлар журналистика соҳасини ривожлантиради ва тажриба алмашиш имконини беради. Энг муҳими, ижодий ҳамкорлик ва дўстона муҳит мустаҳкамланади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар нафақат янги бино ва техник имкониятлар билан танишдилар, балки ўзаро фикр алмашиб, замонавий журналистиканинг талаблари ҳақида мулоҳаза юритдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири